Бешта устувор йўналиш, 100 мақсад, 7 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури. 15 августда Жамоатчилик муҳокамасидан ўтган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси юртимизнинг тараққиёт йўлини, жамиятимизнинг кейинги ривожланишини таъминловчи тарихий ҳужжат бўлиши ҳақида фикрлар билдирилмоқда.
Стратегияда инсонга аввало шахс сифатида қараш, уларнинг имкониятлари билан ҳисоблашиш, ўзини, салоҳиятини намойиш этиши учун шароит яратиш, кўмаклашиш каби муҳим жиҳатлар қамраб олинган. Шунингдек, фуқароларнинг туғилишидан то кексалигига қадар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур ҳеч бир масала эътибордан четда қолмаган.
Она ва бола саломатлиги, соғлом болалик, таълимнинг барча босқичлари, ҳатто олимлик даражаларига эришиш ва уларни қўллаб-қувватлаш ҳам ҳужжатдан ўрин олмоқда. Аёллар, оилавий муҳит, маҳалла иши, нуронийлар, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд кишилар, экология муҳофазаси, сув ресурсларидан фойдаланиш, қўйингки, ҳар бир қатлам ва соҳага алоҳида эътибор берилган.
Нуронийлар ҳамиша эъзозда
Ботир ТЕМИРОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони:
— Инсон борки, ўз олдига катта-кичик мақсадлар қўяди. Уни амалга ошириш учун имкониятидан келиб чиқиб, режалар тузади. Умуман, ҳаётнинг ўзи мақсадлар сари ҳаракат қилиш, янги-янги орзуларга интилиш мезони асосига қурилган, деб биламан. Энди ушбу масала мамлакат миқёсида олинганда бу мақсадлар жамланган йирик стратегияга айланади ва жамият ана шу асосида ривожланади, тараққий этиб боради. Шундан келиб чиқиб, юртимизда амал қилиб турган стратегия ва 2030 йилгача мўлжалланган масалаларни қамраб олган стратегия лойиҳаси чин маънода яхши қадамларга замин, деб айта оламан.
Ёши улуғ инсонлар нимани истайди? Табиийки, йиллар давомида озми-кўпми қилинган меҳнатнинг самарасини, фарзандлар камолини ва албатта ўз Ватанининг гуллаб-яшнаётганини кўришни хоҳлайди. Бунинг учун биринчи галда соғлом бўлиш талаб этилади. Стратегияда таклиф этилаётган соғлом ва фаол кексаликни таъминлаш мақсади, ўйлашимча, шу маънода киритилмоқда.
Унда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Фаол кексалик концепцияси ва Кекса одамларнинг саломатлиги ҳамда фаровонлигини баҳолаш индикаторларини амалиётга жорий этиш масаласи асос қилиб олинмоқда. Демак, ҳужжатда айтилишича, аввало кекса ёшдаги аҳолининг саломатлигини ва фаоллигини баҳолаш тизимини жорий этиш лозим. Чунки баъзи инсонлар 60 ёшдаёқ бирор жиддий ишга ярамай қолиши мумкин. Айримлар эса, аксинча, 80 дан ошса ҳам куч-ғайратга тўла бўлади. Агар фақатгина паспортдаги ёшга қараб баҳоланса, бу хато бўлади. Инсоннинг биологик ҳолатини аниқловчи тизим яратилса, кимга қандай кўмак ёхуд қанақа вазифа бериш мумкин, деган саволнинг жавоби келиб чиқади. Натижада ижтимоий кўмакнинг ва давлат йўналтираётган маблағнинг мақсадлилиги ҳам ортади.
Албатта, катта ёшдаги аҳолини ҳар йили профилактик кўрикдан ўтказиб туриш ҳам иш унумдорлигини оширади. Ана шунда кимдадир сурункали касаллик аниқланса, амбулатор ва стационар соғломлаштириш масалалари жадаллашади, деб ўйлайман. Мазкур йўналишда ҳам стратегияда алоҳида меъёрлар белгиланаётгани қувонарли, албатта.
Ҳужжатда юқумли бўлмаган касалликка чалинган кекса ёшдаги беморлар ва уларнинг фарзандларини “Ўз ўзини парвариш қилиш”га ўргатиш мақсадида кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Профилактика мактаби” машғулотларини ўтказиш зарурати белгиланяпти экан. Мазкур меъёр ҳам жуда ўринли, деб ўйлайман. Яъни, одамларнинг тиббий маданиятини оширишга хизмат қилувчи ўз-ўзини эҳтиёт қилиш, саломатлигини асрашни ўргатиш айни муддао. Ривожланган мамлакатларда бу масалалар одатий ҳолга айланган. Аслида ҳам, тўғри овқатланиш, ортиқча вазндан ҳимояланиш, бадантарбия ва оддий гигиеник талабларга амал қилиш билан ўз саломатлигини ҳимоялаши мумкин.
Аччиқ бўлса ҳам, бир ҳақиқатни айтаман. Одамларга аввало тўғри яшашни, турли фойдасиз маросимлардан воз кечиб, дабдабага эмас, илм, соғлом бўлишга маблағ сарфлашни ўргатмай туриб, жуда катта натижалар ҳақида ўйлашдан воз кечганимиз маъқул. Шу жиҳатдан олиб қараганда ҳам стратегия меъёрлари ҳаётий, деб биламан.
Халқ манфаатлари учун хизмат қилади
Турсунбой СОЛИЕВ,
Ўзбекистон ХДП Тошлоқ туман кенгаши раиси, туман Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:
– Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлиги, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш, мамлакатни тинчликсевар ва хавфсиз давлатга айлантириш масалаларини ўз ичига олгани билан таклиф этилаётган ҳужжат аҳамиятлидир.
Белгиланишича, мактабгача таълим билан қамров даражасини 74,5 фоизга етказиш, бунда, давлат мактабгача таълим ташкилотлари сонини 6,7 минг, давлат-хусусий шериклик асосидаги муассасаларни 26 мингтага етказиш, 6 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 93 фоизга ошириш режалаштирилган.
Туманимиз миқёсида оладиган бўлсак, бундан беш-олти йил аввал бор-йўғи 19 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатар эди. Қамров эса 30 фоизга ҳам бормасди. Интилишлар самараси ўлароқ бугун 28 та давлат, 185 та оилавий, 8 та давлат-хусусий шериклик асосида болалар боғчалари бунёд этилди. Қамров эса 70 фоизни ташкил қилмоқда. Бундан ташқари, тумандаги “Тоғлиқ”, “Терактаги” ҳамда “Қўрғонча” МФЙлар ҳудудида камида 450 ўринли давлат мактабгача таълим ташкилоти инвестиция дастури асосида қурилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб эълон қилингандан сўнг давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари деярли уч баробарга кўпайтирилди. Таълим, тиббиёт ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш бўйича давлат ўз мажбуриятларини бажариши йўлидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқмоқда. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси мақсадлари, жумладан, ижтимоий йўналтирилган мақсадлари Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий ғояларига ҳамоҳанг экани билан аҳамиятлидир.
Шу тариқа белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, 2030 йилга бориб, мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж тўла қопланиб, боғчаларнинг кенгайиши ва моддий-техника базасини ривожлантириш эвазига қамров сонини 100 фоизга етказиш кўзда тутилмоқда. Бунда, айниқса, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча ва хусусий боғча харажатларини давлат томонидан қоплаб бериш тартиби жорий этилади. Мактабгача таълим муассасаларида оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган сут, йод билан тўйинтирилган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.
Шунингдек, келгуси етти йилда мактабларда икки ярим миллион ўқувчи ўрнини яратган ҳолда таълим сифатини тубдан яхшилашга устувор вазифа, деб қаралмоқда. Бу борада йилига 500 минг ўқувчи ўрни дастури ишлаб чиқилгани қувонарли ҳолдир.
Аҳоли, айниқса, таълим муассасаларида тоза ичимлик суви ва санитария-гигиена инфратузилмаси билан таъминлаш масалаларига катта эътибор қартилмоқда. Масалан, авваллари аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 60 фоизга етган бўлса, кейинги йилларда бу борада катта лойиҳалар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди. Маҳаллаларнинг ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш масаласи бўйича Президент қарорига мувофиқ, жорий йилнинг ўзида аҳолини ва ижтимоий объектларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида 17 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада 95 фоиз туманимиз аҳли тоза ичимлик сувига эга бўлди.
Мактаб тизимини тубдан ислоҳ қилиш, асосийси, болалар саломатлигини асраш, соғлом овақтланиш, иқтидорли фарзандларимиз учун ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этиш ва уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароитларни яратиш яхши янгиликлар, юксак марралардан дарак беради. Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат эканининг ёрқин исботи бўлади.
Раҳбар аёллар кўпаяди
Нигора АЛИЕВА,
Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Оилада аёл ўқимишли бўлса, 10 нафарнинг боланинг 9 таси зиёли бўлади, деган қараш бор. Аслида ҳам оқила ва ўқимишли оналар чинакам буюк миллатни тарбиялайди. Чунки билимли ва зукко она ўз боласини ҳам ана шундай хусусиятлар билан тарбиялайди. Оқилалик эса яхши ҳулқ ва тарбия, китобга бўлган муҳаббат, кенг дунёқараш каби жиҳатларни ўзида мужассам этади. Давлатимиз раҳбари таъбири айтганда эса бир қизни ўқитиш билан бутун оилани ўқитган бўламиз.
Афсуски, илгари жамиятимизда бу қарашларнинг акси шаклланган эди. Шукрки, бугун одамлар қиз боланинг билимли бўлиши оила, келажак авлод, бутун бир жамият учун нақадар муҳимлигини англаб етмоқда. Тан олиш керакки, бунда амалиётга татбиқ этилаётган турли меъёрий ҳужжатларнинг таъсири катта.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги мақсад ва унга элтувчи чораларда ҳам бу яққол ифода этилган. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш.
Бу таклиф этилаётган ҳужжатдаги мақсадлардан биридир. Унда тилга олинган дастлабки масала давлат хизмати, таълим, илм-фан, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқдир. Ўз навбатида бунинг учун нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳам келтириб ўтилган.
Масалан, давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланмоқда. Бугун вилоятимизда 320 нафар маҳаллий Кенгаш депутати фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 59 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бундан кўринадики, хотин-қизлар муаммоларини ҳал қилиш бўйича имкониятлар тўлиқ таъминланмаган. Стратегиядаги вазифалар ижроси мазкур йўналишда ҳам сирдарёлик опа-сингилларимиз учун алоҳида имконият демакдир.
Маҳаллаларда “Мамлакат тараққиётида хотин-қизлар улуши” мавзусида давра суҳбати ҳамда учрашувлар ҳафталиклари ўтказилиб келинмоқда. Давлат бошқарувида хотин-қизлар иштирокини ошириш мақсадида 15 минг 483 нафар фаол хотин-қизлар захирага олинган. Улардан 6 нафар номзод сараланиб, Давлат бошқарув академияси “Раҳбар аёллар мактаби”да ўқитилди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган эҳтиёжманд оилалардан бўлган 126 нафар талаба хотин-қизларнинг 923 млн сўм контракт тўловлари маҳаллий бюжет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди. 5 мингдан ортиқ хотин-қизга 7 йил муддатга 50 млрд сўм фоизсиз таълим кредитлари ажратилди. Гулистон давлат университетида 210 нафар магистратурада таълим олаётган хотин-қизларга 3 млрд сўм контракт тўловлари давлат бюжетидан қоплаб берилди.
Гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича 8 нафар мураббий ҳамда 6 та тарғибот гуруҳи шакллантирилди. “Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий маслаҳат платформаси ҳамда унинг мобиль иловаси ишга туширилган. Уларга “Аёллар ҳуқуқий ҳимояси”, “Гендер тенглик”, “Аёлларга имтиёзлар”, “Оилавий муносабатлар” ва “Оилавий зўравонлик” каби ҳуқуқий мавзуларга оид маълумотлар базаси жойлаштирилди ҳамда ҳуқуқий маслаҳатларни онлайн чат орқали бериш тизими йўлга қўйилган.
Албатта, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш лозим. Бу борада лойиҳага кўра, қабул қилинган қонун ва қонун ости ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Тизимли равишда ўқитиш, билим ва кўникмаларини бойитиб бориш орқали баркамол, оқила хотин-қизларни вояга етказишга эришилади.
Аёлларга заиф жинс вакиллари сифатида эмас, нозик хилқат деб қарашни ҳам ўрганишимиз зарур. Ана шунда улар орасидан олималар, фан докторлари, маҳоратли инженер-технологлар, тенгсиз фермеру номдор тадбиркорлар кўпроқ етишиб чиқади.
Музаффар ТУРОПОВ,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари:
— Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят ташкилотлари фаоллари ҳамда партиямиздан сайланган халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасини атрофлича ўрганиб, фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Маҳаллий Кенгашларнинг мақомини ошириш билан боғлиқ мақсадни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.
Хусусан, ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашга раҳбарлик қилиш амалиётини тўлиқ бекор қилиб, Кенгаш раисининг ҳуқуқий мақоми, асосий вазифа ва функциялари ҳамда жавобгарлик доирасини аниқ белгилаш илгари сурилмоқда. Узоқ йиллар партия тизимида ишлаган, халқ депутаталри вилоят ва Қарши шаҳар Кенгашлари депутатлигини кўрган инсон сифатида бу жуда ҳам муҳим, деб ҳисоблайман.
Чунки Кенгаш раиси ҳамда ҳокимнинг вазифалари аниқ белгиланади. Вилоят ҳокими депутат бўлса, ўз фикрини билдириши мумкин. Туман ёки шаҳар ҳокими ҳам шундай. Лекин Кенгаш ишига ҳамда қарорларига аралашмайди. Шунга мувофиқ, аниқ мезонлар, функционал вазифалар белгиланади.
Ҳокимларнинг маҳаллий Кенгашларга раҳбарлик қилиш амалиётини 2024 йилдан вилоятларда ҳамда 2026 йилдан туман ва шаҳарларда бекор қилиниши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Сабаби, 2024-2025 йилларда халқ депутатлари вилоят Кенгашида тажриба тўпланади. Қашқадарё вилояти катта ҳудуд бўлгани сабабли ечимини кутаётган масалаларни умумлаштириш амалиёти яхши самара беради.
2024 йилдан бошлаб 5 та доимий асосда фаолият олиб борувчи профессионал депутат ишлаши ушбу амалиётнинг самарадорлигини таъминлайди. Сабаби, ҳозирда доимий комиссиялар раислари жамоатчилик асосида фаолият юритади. Уларнинг ўз асосий вазифалари бор.
Муҳими, 5 нафар доимий асосда ишловчи депутат тажрибали ҳамда билимли бўлиши лозим. Ҳозирда барча 59 нафар депутат жамоатчилик асосида фаолият олиб боради. Агар доимий ишловчи халқ вакиллари бўлса, сифатли масалалар доимий комиссиялар ҳамда сессияларга киради. Ижро интизоми ҳам яхшиланади. Кенгаш қарорлари ижроси таъминланади. Режа аосида фаолият ташкил этилади. Бунинг учун иш тизимли бўлиши керак. Вилоят Кенгаши ҳамда туман(шаҳар) Кенгашларида ҳам доимий ишловчи депутатлар бўлиши лозим.
Шунингдек, лойиҳадаги 300 дан ортиқ маҳаллий Кенгашларнинг функцияларини қайта кўриб чиқиб, ўзига хос бўлмаганларини бекор қилиш ҳамда 500 дан ортиқ қонун хужжатларини тизимлаштириш таклифини қуллаб-қувватлайман. Лойиҳада эътибор қаратилган маҳаллий Кенгашлар фаолиятида жамоатчилик иштироки учун зарур шароитларни яратиш, фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш, уларнинг фаолиятини босқичма-босқич рақамлаштириш давр талабидир.
Мухтасар айтганда, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари самарали ишлаши учун белгиланган вазифалар ижро ҳокимиятини халқ олдидаги масъулиятсизликдан тийиб туришда, мамлакатимизда ижтимоий барқарорлик мустаҳкам бўлишида, жамиятдаги бефарқликни йўқотишда катта демократик самара беришига ишонамиз.
Саҳифани “Ўзбекистон овози” мухбири
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 16.08.2022, №31