Маҳаллалар жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айланади
Маҳаллалар жамоатчилик ва давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айланади

 

Президентимизнинг “Ўзбекистон-2030” стратегияси тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон-2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кафолатлаш, яқин келажакда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг туб мақсадларини қамраган устувор йўналишлар ўрин олгани билан аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжат мамлакатимиз ва халқимиз тарихининг ўзига хос янги даврини бошлаб беради, десам асло муболаға бўлмайди.

“Ўзбекистон-2030” стратегиясида 5 та йўналиш, 100 та устувор мақсад белгиланган. Унда ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш каби устувор йўналиш ва мақсадлар кўзланган.

Стратегиянинг эътиборли жиҳати, ундаги 5 та асосий ғоянинг 4 таси аҳоли, фуқаролар манфаатлари билан боғлиқ. Барқарор ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш, аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш борасидаги стратегик мақсад, вазифалар халқимиз манфаатлари билан чамбарчас боғлиқдир.

Таъкидлаш жоиз, белгиланган устувор йўналишлардан бири — ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратиш масласидир. Бунинг замирида катта эзгу мақсадлар мужассамлашган. Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналишида аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудларда кундалик масалаларни ҳал этишда маҳаллани жамоатчилик ҳамда давлат органлари ўртасидаги “таянч кўприк”ка айлантириш мақсадини амалга ошириш орқали маҳалланинг маблағларини аҳолининг овозига кўра, инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиш ва маҳаллалардаги муаммоларни ҳал этиш учун ажратиладиган маблағлар миқдорини камида уч баробар кўпайтириш кўзда тутилган.

Шунингдек, аҳоли ташаббуси билан инфратузилмани яхшилашга ажратиладиган маблағларни 24 триллион сўмга етказиш эса, муаммоларни маҳаллаларимизнинг ўзида бартараф этилишига ва энг асосийси мазкур муаммоларни аниқлаш ва уни баратараф этиш фуқароларимиз ҳамда жамоатчиликнинг ўз маҳалласи ҳаётидаги иштирокини ва фаоллигини оширади.

Маҳалланинг маблағларини аҳолининг ўз овозига кўра, маҳаллалардаги муҳим масалалар — йўл, ичимлик суви, электр тармоқлари ва газ таъминотини яхшилаш каби инфратузилма лойиҳаларига йўналтириш амалиётини жорий қилиш, маҳаллалар учун “Очиқ бюджет” имкониятларини кенгайтириб, унга ажратиладиган маблағлар босқичма-босқич 3 баробарга оширилади.

Шунингдек, маҳаллаларда 100 дан ортиқ давлат хизматларини “бир қадам”да кўрсатишни йўлга қўйиш ва маҳаллаларда аҳоли билан ишлашга қаратилган жараёнларни 100 фоиз рақамлаштириб, ҳар бир маҳаллада “электрон хизмат нуқталари”ни ишга тушириш эса маҳалладан туриб барча давлат идоралари раҳбарларига онлайн тарзда шахсан мурожаат қилиш имкониятини беради. Бу эса халқимизнинг узоғини енгил қилиш билан бирга, уларнинг вақтини тежашга замин яратади. Бир сўз билан айтганда, Стратегия доирасида амалга ошириладиган ислоҳотлар натижасида маҳалларимиз обод ва кўркам маконга айланади.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш