Юртимиз тараққиёти билимли авлод салоҳиятига бевосита боғлиқ
Юртимиз тараққиёти билимли авлод салоҳиятига бевосита боғлиқ

 

Мамлакатимизда таълим соҳасини ислоҳ қилиш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама зукко, билимли қилиб тарбиялашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бу бежиз эмас. Чунки жонажон мамлакатимизнинг тақдири, келажаги, эртанги куни йигит-қизларимизнинг салоҳиятига бевосита боғлиқ. 

Алоҳида қайд этиш жоиз, мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборидаги масалалардан саналади.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 11 сентябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш йўналиши доирасида таълим соҳасига оид бир қатор муҳим чора-тадбирлар кўзда тутилгани эътиборга молик.

Хусусан, дастуриламал ҳужжатга кўра, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, умумий ўрта таълим муассасаларининг касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги 10-синф ўқувчилари учун тегишли ҳудудларда талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга ўргатиш курслари жорий этилади. Бунда, дастлабки босқичда ушбу тартиб зарур кадрлар салоҳияти ва моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан белгиланган умумий ўрта таълим муассасаларида татбиқ этилади.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар умумий ўрта таълим муассасалари учун “таянч мактаб” этиб белгиланди. Бунда умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари “таянч мактаблар” томонидан янги таълим дастурлари, дарс ўтишнинг илғор методикалари ва ўқувчи билимини баҳолашнинг замонавий усулларига ўргатилади.

Стратегиянинг яна бир муҳим жиҳати, унда нодавлат таълим ташкилотларининг янада самарали фаолият юритишлари учун кенг имконият берилаётганидир. Ҳужжатга кўра, банкларнинг нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш учун миллий валютада ажратиладиган, қиймати 20 миллиард сўмгача бўлган кредитлар бўйича, фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, лекин унинг 1,5 бараваридан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Давлат бюджети ҳисобидан компенсация тақдим этиш амалиёти йўлга қўйилади. Албатта, булар соҳа ривожига шак-шубҳасиз, хизмат қилади.

Мактаб таълими — келажагимиз масаласи. Шундай экан, буни ёддан чиқармаслик керак. Шу маънода, фарзанд тарбиясига, билимига нафақат ўқитувчи, балки ота-она ҳам жавобгардир. Жадид бобомиз Абдулла Авлоний “Ким нимани яхши кўрар?” номли бадиасида бундан юз йил муқаддам жамиятдаги ҳолатни шундай баҳолаган: “Эҳтимол, бизнинг халқ илму маърифатни, тарбия ва таълимни, ҳунар ва саноатни яхши кўрар, деб ўйлайдурғондурсиз? Йўқ, бу фикрингиз янглиш... Оналаримиз билим ва тарбия ўрнига эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар”.

Бундан англашиладики, ўша вақтдаёқ, жамиятга ёт унсурлар кириб келган, мақсад сари интилиш ўрнига озгина майдалашиш, моддиятчиликка интилиш жараёни бошланган. Албатта, бу каби қарашлар ушбу йўналишда мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотлар туфайли ўзгариб бормоқда.

Жамиятда билимли инсонлар кўпайса улар давлатга суянчиқ бўлади. Шу боис, мустақилликни қўлга киритганимиздан кейин давлат томонидан таълимни ривожлантириш, уни дунёда ўсиб келаётган эҳтиёжларга жавоб беришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар қабул қилинди, амалий ҳаракатлар ҳам бўлди. Аммо бу соҳа ҳам миллий давлатчилигимизнинг шаклланиш жараёнида амалга оширилиши зарур бўлган вазифаларга уйғун ҳолда, кўзланган иқтисодий натижаларга эришиш мураккаб кечгани боис, инсоннинг ҳар жиҳатдан юксалишига олиб келмади. Албатта, бу моддий-техника база ночорлиги ва собиқ тузумдан мерос қолган психологик муҳит, ўқитиш усулларининг эскирганлиги билан боғлиқ жараёнлар эди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейинги қарийб 20 йил эски бошқарув андоза ва шаклларидан воз кечиш, демократик қадриятларга ўрганиш даври бўлди, десак хато бўлмайди.

Президентимиз раҳбарлигида сўнгги йилларда кўрилган аниқ чора-тадбирлар натижасида ушбу андоза ва шакллар бугунги замонга мослашди. 2017 йилнинг февраль ойида тарихий ҳужжат — Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди, бу — мамлакатни ривожлантиришнинг такомиллашган модели бўлди. Юртбошимиз фуқаро, шахс ҳуқуқларини кенгайтириш йўлида дадил қадамларни ташлади. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!” деган ғоя, шиор кўпчиликнинг кўнглидаги узоқ йиллик орзулар эди. Инсон қадри юксалди. Мазкур сиёсат давом этмоқда. Негаки, бугунги рақобат кучайиб бораётган, дунё тақдирини илғор технологиялар ва сунъий интеллект ҳал этаётган бир даврда бизнинг бошқалардан ортда қолиб кетишга ҳаққимиз йўқ.

Шу нуқтаи назардан айтганда, тарихий ҳужжат —  “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифалар янги Ўзбекистон ҳозирда оқилона йўлни танлаганидан далолат беради.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш