«Янги Ўзбекистон»: Тошкентга ёмғир ёғса...
Кеча ёққан ёмғир яна ўз сўзини айтди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги айрим кўчалар сувга “бўкди”.
Кеча ёққан ёмғир яна ўз сўзини айтди. Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги айрим кўчалар сувга “бўкди”.
Ҳар мавсумда такрорланаётган, аммо негадир бартараф этилиши ҳақида ҳеч ким бош қотирмаётган бу “кичик” масала ўша ерда яшовчиларнинг азиятларига сабаб бўляпти. Хусусан, ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани,“Оқтепа маҳалласидаги 5-тор кўчасидаги кўчалар ва уйлар атрофини сув босгани ҳақида видеолар тарқалди.
Йиллар давомида пойтахтнинг ёмғирли кунларда сувни қандай йўналишда беталофат олиб чиқиб кетиш масаласи хал этилмай келинмоқда. Ҳар йили муаммога дуч келамиз, сув тошади, кўчалар сувга тўлади, масъул ташкилотлар муносабат билдиради. Маблағлар ажратилади, лекин самарасини кўрмаймиз. Ахир мамлакат пойтахти ҳар жиҳатидан мукаммал ўйланган тизимга эга бўлиши керак эмасми?
Ушбу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлиги асосий жавобгарликни ўз зиммасига олиш керак. Пойтахт дренаж тизими, сув хўжалигида сувни бошқариш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилиниши керак.
Биринчи масала. пойтахт дренаж тизими 70-йилларнинг бошида лойиҳалаштирилиб, 90-йилларгача босқичма-босқич фойдаланишга топширилган. Кўриниб турибдики, ундан кейинги йиллар давомида ушбу соҳа ислоҳ қилинмаган. Ҳар йили муаммо юзага келган қисмига техник хизмат кўрсатилиб келинган, холос. Асфальт ва бетон жойларда ёғадиган ёмғирнинг борадиган жойи йўқ. Ариқларнинг катта қисми ҳам кейинги йилларда бўлган қурилишлар натижасида йўқолиб кетган.
Иккинчи масала. Тошкент дренаж тизимини яхшилашга 3 та ташкилот масъул ҳисобланади. Булар Тошкент шаҳар ободонлаштириш бош бошқармаси, Дренаж ва коллекторларни таъмирлаш ва сақлаш ихтисослаштирилган бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш масалалари бўйича мажмуасидир. Демакки, бу ҳолатда катта эҳтимол билан сансалорлик юзага келади. Тошкент дренаж тизимининг эгасини аниқ белгиланиши керак. Масалага жавоб берадиган ва муаммони тезкорлик билан ҳал қиладиган тизим зарур.
Учинчи масала шаҳарнинг бош режаси йўқлиги ҳамда дренаж тизимининг моделлаштирилмагани билан боғлиқ. Биринчи навбатда пойтахт дренаж тизимини моделлаштириш чораларини кўриш ҳамда ариқлар, лоток, қувур ва каналлар тармоғини яхшилаш зарур. Бунинг учун тизимни аниқ картографиясини яратиш ва уни қайтадан ўрганиб чиқиш лозим.
Тўртинчи масала. Дренаж ва сув хўжалиги тизимига масъул бўлган ташкилотларда кимлар ишлайди? Бу ҳам жуда оғриқли савол. Соҳада чуқур билимга эга бўлган мутахассислар ишлаши керак. Ваҳоланки, дренаж десангиз, буни тушунмайдиганлар ҳам кўп. Ариқларни тозалаб қўйсак, сув ўзи оқиб кетади, деб ўйлашади. Ёмғир ёғса, пойтахтнинг қайси кўчаларида сув йиғилиб қолиши эҳтимоли ҳам ишлаб чиқилмаган. Соҳа бўйича кадрларни тайёрлашга қаратилган ишларни қайта кўриб чиқиш, замон талабига мослаштириш лозим, деб ҳисоблаймиз.
Албатта, ушбу масалани ижобий ҳолатга келтириш учун катта маблағ талаб этилади. Жорий йилнинг 7 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан пойтахтда ирригация тизимини яхшилаш учун 700 млн сўм маблағ ажратилган. Унга кўра, дренаж ва коллекторларни таъмирлаш, бетон қувурлар ётқизилиши керак эди. Лекин кечаги ёмғирдан кейинги “сув тошқинлари” ҳолат яхшиланганини кўрсатмаяпти. Бирламчи ўрганишларга кўра, ушбу маблағ бир ёки икки кўчанинг мавжуд тизимини таъмирлашгагина етадиган маблағ холос. Бу маблағ билан пойтахт дренаж ва сув хўжалиги тизимини яхши ишлашини таъминлаб бўлмайди.
Пойтахтимиздаги муаммога ҳукумат даражасида эътибор қаратилиши керак, деб ҳисоблаймиз. Азим Тошкент фақат “марказий” кўчалардангина иборат эмас.
Аброр Қурбонов,
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.