Ўзбекистон ХДПнинг энг фаол депутати аниқланди
Жамоатчилик назорати - жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда ўта муҳим саналган амалиётдир. Кейинги вақтларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ижро этувчи ҳокимият идоралари фаолияти устидан назорат ўрнатиш ва одамларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишдаги саъй-ҳаракатлари сезиларли самара бермоқда.
Бугун Бухоро шаҳрида «Ўзбекистон Халқ Демократик Партиясининг энг фаол депутати» кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди. Барчага маълумки, депутатлар турли соҳаларда самарали фаолият юритган, ўз соҳасида бир мунча ютуқларга эришган, ўз қарашлари, нуқтаи-назари шаклланган, маълум бир тажрибага эга, жамиятда ҳурмат қозонган шахслар орасидан сайланади. Бироқ, улар депутатлик фаолиятини айнан қандай олиб бориш бўйича махсус ўқитилмайди. Ҳар бир депутат ўз билим савияси, ишлаш тажрибасига таянган ҳолда сайловчилар билан ишлайди ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш ишларида иштирок этади. Мазкур кўрик-танлов депутатларга самарали фаолият юритишда ёрдам ва йўналиш бериш, рағбатлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш каби мақсадларни қамраб олган.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Республика бўйлаб маҳаллий кенгашлардаги депутатлари сони анчагина салмоқли бўлиб, 1 ярим мингдан зиёдни ташкил этади. Кўрик танлов дастлаб, «Ташаббус ва ғояларимиз мустақил Ўзбекистон тараққиёти учун!» шиори остида ҳудудлар кесимида – туман, шаҳар, вилоятлар миқёсида ўтказилган бўлиб, депутатлар 3 та шарт бўйича ўзаро куч синашган. Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида ғолибликни қўлга киритган депутатлар Республика босқичида қатнашиш имкониятига эга бўлган эди.
Республика босқичининг очилиш маросимини Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари Варисова Мақсуда Азизовна кириш сўзи билан очиб, кейинги йилларда депутатларнинг мақомини ошириш, уларнинг янада самарали фаолият юритиши учун қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар, партия ғоялари ва илгари сураётган вазифалар жамият ҳаётига жорий этиб келинаётганлиги хусусида тўхталиб ўтди. Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими ўринбосари Мажидов Эркин Агзамович ҳам сўз олиб, ўзининг фаоллиги, билими, шижоати орқали Республика босқичига йўлланма олган барча қатнашчиларга муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31 йиллиги арафасида «Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи» шиори остида кўтаринки кайфиятда бошланган танловда иштирокчилар 3 та шарт бўйича - Аҳоли муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли. Сиёсий ҳозиржавоблик ҳамда эркин мавзуда яна бир бор имтиҳондан ўтказишди. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига биноан биринчи ўрин Олмалиқ шаҳар Кенгаши депутати Эргаш Абдураимовга насиб этди. Шунингдек, турли хил номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, диплом ва совғалар берилди.
Аслида Республика босқичида қатнашган ҳар бир депутатни ғолиб десак адашмаган бўламиз. Бугунги кўрик-танлов мобайнида қатнашчилар ўзаро мулоқотга киришиб, тажриба алмашишди, турли масалаларни ҳал қилиш юзасидан фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашишди, билимларини оширишди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши масъуллари ушбу кўрик-танловни анъанавий тарзда ўтказишга келишиб олишди.