Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ижтимоий муаммоларни ҳал этишнинг мутлақо янги тизими “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри шаффоф ва самарали” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Айтиш керакки, кун тартибидан ўрин олган масалага оид амалий ишлар Президентимизнинг 2020 йил, 4 августдаги “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-тамойилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ олиб борилмоқда.
Қарорга кўра, ижтимоий ҳимоя ягона реестрини жорий этиш белгиланган бўлиб, бу тизим давлат ижтимоий ёрдамини тайинлашда инсон омилисиз оиланинг эҳтиёжмандлик даражаси ва қонун ҳужжатларида белгиланган мезонларга мувофиқлигини реал вақт режимида ўзи аниқлайдиган, кам таъминланган ва кам даромадли оилаларга нафақаларни тайинлаб, тўловларни амалга оширадиган ҳамда назорат қиладиган, харажатлар ҳисобини юритадиган автоматлаштирилган ахборот тизими ҳисобланади.
Мамлакатимизда ушбу қарорга кўра, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам бериш жараёнлари тубдан соддалашди. Рақамлаштирилган тизим ёрдамида фуқародан паспортидан ташқари қўшимча ҳужжатлар талаб этилмайдиган бўлди. Мазкур тизим босқичма-босқич амалиётга татбиқ этилади.
Масалан, бугунги кунда Яккабоғ туманида мавжуд 69356 оиладан 33 фоизига ижтимоий ҳимоя реестри ахборот тизими орқали болалар нафақаси ҳамда моддий ёрдам тайинланган бўлиб, бу сумма бир ойлик ўртача 10.9 млрд сўмни ташкил этади. Шунингдек, декабрь ойида 667 нафар оиланинг ижтимоий аҳволи яхшилангани ахборот тизими томонидан автоматик аниқланган. Жумладан, 321 нафар оиланинг даромади белгиланган мезондан ошган, 86 оила иккинчи ёки нотурар кўчмас мулкни харид қилган, 243 оила янги автотранспорт харид қилган, 67 таси эса иккинчи автотранспортни сотиб олгани аниқланиб, кам таъминланган оилалар рўйхатидан чиқарилмоқда.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими шаффоф ва самарали тизим экани, ижтимоий хизматлар соддалаштирибгина қолмай, балки аҳолининг эҳтиёжманд қисмини муддатларида аниқлаш ва уларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлашга хизмат қилишини эътироф этишди.
Янги тизим натижасида давлат маблағларининг манзилли ва мақсадли ишлатилиши таъминланади, коррупциянинг олди олинади. Яна бир томони, чиндан ҳам ёрдамга муҳтож, бироқ ҳеч қаерга мурожаат қилмаган оилалар аниқланиб, уларнинг турмуш тарзи яхшиланишига хизмат қилади.