Дори хавфга айланиши керак эмас
Дори хавфга айланиши керак эмас

 

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари янги ташаббусга тайёргарлик кўрмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳужжатларида соғлиқни сақлаш бирламчи энг аҳамиятга молик масалалардан бири сифатида эътироф этилган.

Аҳолини сифатли, самарали ва хавфсиз дори-дармон билан таъминлаш Соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим вазифаларидан саналади. Бу борада юртимизда ҳам 50 га яқин меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Лекин, афсуски, дори воситаларининг рекламаси, уларнинг савдоси ва қўлланилиши борасида қонунчилигимизда айрим бўшлиқлар кўзга ташланмоқда, ечимини кутаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Хусусан, дори воситалари рекламаси турли кўринишларда авж олаётгани, баъзи шифокорлар томонидан беморларга асосан қиммат дори воситалари тавсия қилинаётгани, дори воситалари нархлари сунъий ошиб кетаётгани, бундай салбий ҳолатлар барча юртдошларимизга зиён етказаётгани, айниқса, кам даромадли оилалар қийинчиликларга дучор бўлаётгани бор гап.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси янги қонун ташаббусини илгари суришга тайёргарлик кўрмоқда. Ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, партия фаоллари ва соҳа мутахассислари дори воситалари рекламаси, шифокорларнинг касбий масъулияти, дорихоналар фаолияти билан боғлиқ муҳим йўналишларда янги қонун ташаббусини илгари суриш масаласини атрофлича муҳокама қилди.

Аввало, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизматларни халқимизга яқинлаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга ошириб келинаётганини қайд этишди. Хусусан, кейинги йилларда эҳтиёжманд аҳолини зарур дори воситалари ҳамда тиббий буюмлар билан таъминлаш, электрон рецепт тизимини жорий этиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш, дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва суиистеъмол қилинишининг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганига эътибор қаратилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида ўрин берилган. Партия фракцияси соҳага доир қонунлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни изчил ўрганиб бормоқда, сайловчилар билан учрашувларда ҳам қатор мурожаатлар тушмоқда.

Мисол учун, оддийгина шамоллаш ёки гриппга 10 га яқин дори ёзиб берилади. Бу тиббий жиҳатдан қанчалар тўғри? Биламизки, бир инсоннинг организми бир вақтнинг ўзида шунча препаратни қабул қила олмайди. Уларнинг қайсидир бири акс таъсир қилиши, бошқа бирор органни зарарлаши ҳам мумкин.

Яна бир томони, ёзиб берилаётган айрим дориларнинг нархи жуда қиммат. Айтайлик, шифокор сизга 10 тадан кам бўлмаган миқдорда дори рўйхатини беради. Табиийки, шифохона атрофидаги дорихоналарга кирасиз ва қиммат нархдаги маҳсулотларни сотиб олишга мажбур бўласиз. Афсуски, ҳар доим ҳам уларнинг самараси кутилгандек бўлмайди. Депутатлар бундай ҳолатларни касбга хиёнат ва аҳолининг чўнтагига каттагина иқтисодий зарар, деб баҳолади.

Иккинчи томони, шифокорларнинг қиммат дорилар ёзишидан қочган бемор келаси сафар ўз билганича даволанишга уринади. Табиийки, бунда ОАВда реклама қилинаётган дорилардан нажот кутади. Уларнинг тезда таъсир қилувчи восита эканига ишониб, маҳсулотни сотиб олади. Ваҳоланки, ҳар бир инсон ўзига хос бўлиб, бир организм қабул қилган дорини бошқа организм рад этиши мумкин. Қарабсизки, рекламада кўрсатилган «сеҳр»га ишонган одамнинг соғлиғи ёмонлашади. Айрим пайтларда билиб-билмай, нотўғри қўлланилган дорилар инсон ўлимига ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги ҳаётда кузатилган.

Фракция аъзолари айнан шунинг учун ҳам халқаро талабларга мос равишда дорилар савдоси ва рекламаси билан боғлиқ меъёрларни ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

Аянчли жиҳати шундаки, айрим тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари, дорихоналардан молиявий мукофотлар, моддий ёхуд номоддий кўринишдаги ҳар қандай рағбатлар олиш қонунчилигимизда тақиқланмаган. Лекин ҳаётда бундай кўнгилсиз ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Бу эса аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йўналишидаги ижобий ишлар кўламига салбий таъсир ўтказибгина қолмай, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, парламент қуйи палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига дори воситаларининг муомаласини тартибга солишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон ХДП фракцияси ишчи гуруҳининг йиғилишида депутатлар ва бир гуруҳ мутахассислар қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган қатор масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Амалдаги қонунчилигимизда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини реализация қилиш тартибини бузганлик, дори воситаларини шифокор рецепти бўлмаган ҳолларда чакана реализация қилиш, тиббиёт амалиётида фойдаланишни тақиқлаш ҳамда дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун етарли даражада жавобгарлик белгиланмаган. Дори воситаларининг рекламасини тартибга солиш бўйича таъсирли чоралар ҳам мавжуд эмас.

Шунинг учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга дори воситаларининг қўлланилиши чоғида ножўя реакциялар аниқланган ҳолатлар тўғрисида хабардор қилиш тартибини бузганлик ва дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёр билан тўлдириш таклифи илгари суриляпти.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунга тиббиёт ходимлари томонидан муайян дори воситаларини тайинлаш ва бериш учун фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар, моддий ёки номоддий кўринишдаги ҳар қандай бошқа рағбатларни олишга чек қўйиш билан боғлиқ ўзгартириш киритиш керак, деб ҳисоб лаймиз.

Бундан ташқари, дори воситаларининг рекламасини «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Реклама тўғрисида»ги қонунларнинг тегишли моддаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш орқали чеклашни таклиф қилмоқчимиз.

Чунки, ОАВ орқали тарқатилаётган маълумотни 100 фоиз ҳақиқат деб қабул қиладиган юртдошларимизнинг катта қисми тинимсиз реклама қилинаётган дори-дармонлар ўз касалликларидан фориғ бўлиш учун энг яхши восита, деб қабул қилмоқда. Бу ўринда хасталикнинг аниқ диагнози, айнан ўша препаратнинг инсон саломатлигига ножўя таъсири ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмайди. Дори-дармонлар савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар ва реклама орқали келадиган катта даромадга қизиққан ОАВ аҳолининг тиббий савияси ушбу масалалар ҳақида бош қотириш учун у даражада етарли эмаслигидан фойдаланиб, айтиш ўринли бўлса, соядаги ёки яширин тиббий ёрдам тизимини яратмоқда. Бу билан эса тиббиётнинг энг муҳим шарти бўлган «зарар етказма» тамойили қўпол равишда бузилмоқда.

Кўпчиликни реклама қилинаётган препаратларнинг мўъжизакор, яъни бир зумда иситмани тушириш, бош оғриғи, тумовни кетказиш, йўталга барҳам бериш каби таъсири қизиқтиради. Афсуски, бундай даволаниш касалнинг сурункали кўринишига ўтиши, оғирлашиши ва асоратланишига сабаб бўлиши ҳам мумкин.

Европа Иттифоқининг барча давлатларида рецепт билан сотилувчи дори воситаларининг рекламаси тақиқланган. Канадада ҳам теле ва радио орқали дори-дармонлар рекламасини тақиқлаш амалиёти жорий этилди. Ривожланган давлатларда янги дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш талаби кучайтирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, биз ҳам қатор меъёрларни таклиф этиш устида иш олиб боряпмиз.

 

Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Турли соҳаларда бўлгани каби тиббиётда ҳам «мавсумий» деган тушунча мавжуд. Яъни, касалликлар мавсумга қараб авж олиши ёки пассивлашиши мумкин. Айни пайтда грипп ёки шамоллаш бошқа пайтларга қараганда анча кучайган. Дорихоналарда эса ушбу хасталикларга қарши препаратларнинг бозори анча чаққон.

Ҳатто, ОАВда рекламалар мавсумий касалликларга мослашиб қолган. Бу эса одамларнинг шифокорга эмас, реклама қилинаётган дориларга кўпроқ ишониб қолишига сабаб бўлмоқда. Нотўғри даволаниш натижасида эса жиддий салбий асоратлар юзага келаётгани ҳам бор гап. Шунинг учун фракциямиз аъзолари томонидан янги қонун ташаббуси илгари суриляпти.

Европа Иттифоқи қонунчилигида дори воситаларининг рекламасини тартибга солиш бўйича қатъий талаблар белгиланган бўлиб, реклама чиқарилишидан олдин махсус орган текширувидан ўтиши ва тегишли рухсатнома олиниши лозим, дори рекламаси устидан қатъий назорат ўрнатилган. Шунигдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини реализация қилиш тартибини бузганлик учун ҳамда дори воситаларини шифокор рецепти бўлмаган ҳолда реализация қилганлик учун қатъий жазо чоралари белгиланган.

Шунингдек, қонунчилиги бизга ўхшаш бўлган яқин давлатларда, Россия Федерацияси, Беларусь Республикаси ва Қозоғистон Республикасида дори воситаларининг рекламасини тартибга солиш бўйича етарли даражада таъсирли бўлган чоралар мавжуд. Тиббиёт ходимлари томонидан фармацевтика ташкилотлари ва дорихоналардан молиявий мукофотлар ва рағбатлар олиш тақиқланган. Дори воситаларини шифокор рецепти бўлмаган ҳолда реализация қилиш учун қатъий жазо чоралари белгиланган.

Яна бир масала. Бизнинг қонунчиликда фақат дорихона мудири маълумотига нисбатан талаб ўрнатилган. Аммо дорихонанинг сотувчи ходимлари маълумотига нисбатан талаблар йўқ. Бу ҳам қонун талабларига амал қилмаслик билан боғлиқ табиий камчилик бўлиб қолмоқда. Демак, мазкур бўшлиқни ҳам тўлдириш ҳақида ўйлаб кўришимиз керак.

Тўғри, шу кунгача ҳам қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, камчиликлар бартараф этиб келинаётган эди. Маъмурий, ҳатто жиноий жавобгарлик ҳам кучайтирилди. Бироқ бунда асосий эътибор кучли таъсир қилувчи препаратларга қаратилган. Рецептсиз сотилиши тақиқланган дори воситаларининг савдосига чек қўйилмади. Фармацевтик маҳсулотларнинг рекламаси эса кундан-кун авж оляпти. Буларнинг барчаси аҳоли саломатлигига у ёки бу даражада зарар етказаётгани, болаларимиз саломатлигига хавф туғдираётгани, афсуски, ҳақиқат.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари илгари суришга тайёргарлик кўраётган мазкур қонунчилик ташаббуси аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиши билан аҳамиятлидир. Зеро, дори воситалари инсоннинг дардига шифо бўлиши керак. Уларнинг соғлиғига хавф, ғирром даромад манбаига айланиб қолишига зинҳор йўл қўйиб бўлмайди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 20.12.2023, №50

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш