Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан Бухоро давлат университетида эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туғишлар ўртасидаги мақбул оралиққа риоя қилиш, ирсий касалликлар профилактикаси долзарблигини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадида «Эрта турмуш – келтирар ташвиш» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда вилоят кенгаши депутати С.Тошева, «Шайхул олам» МФЙ раиси М.Набиева, партия фаоллари, университет ўқитувчилари ҳамда талаба-ёшлари иштирок этди.
– Йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир, – деди ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши депутати С. Шарипова.
– Афсуски, айрим ота-оналар фарзандининг тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.
Таъкидланганидек, болалардаги турли хил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳлар туфайли юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган хатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади.
Тадбир давомида талабаларга нафақат эрта-турмушга чиқишнинг салбий оқибатлари, балки «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» тўғрисида ҳам батафсил тушунчалар берилди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга ҳам батафсил жавоб олиш имконига эга бўлишди.
Таъкидлаш керак, партиямиз мазкур мавзу бўйича маҳаллаларда туркум учрашувлар, давра суҳбатлари уюштириб, мунтазам тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Маҳалла фаоллари ҳам бу борада ўз кўмакларини аямаяпти.