Ўзгартиришлар тўлақонли бўлиши зарур
Ўзгартиришлар тўлақонли бўлиши зарур

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қатор қонун лойиҳалари биринчи ва икикнчи ўқишда кўриб чиқилди.

Хусусан, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун лойиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.

Таъкидландики, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида қўлланилган айрим тушунча, атамалар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш механизмлари амалдаги қонунда мавжуд эмас. Мисол учун, Конвенцияда қўлланилган “муомала” ва “оқилона мослаштириш” каби тушунчалар “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонунда назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳамда сиёсий ҳуқуқларини амалга ошириш бўйича нормалар қонунда кўрсатиб ўтилмаган.

Фракция аъзолари муҳокамалар чоғида бу масалалар таклиф этилаётган лойиҳада инобатга олинаётганини ижобий баҳолади. Шунингдек, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини камситишга қаратилган меъёрлар йўқлиги боис ҳам ўзгартириш ва қўшимчаларга эҳтиёж борлиги таъкидланди.

Депутатларнинг фикрича, юқорида қайд этилган тушунчаларнинг миллий қонунчиликка киритилиши ҳамда уларга таъриф берилиши, ногиронлиги бўлган шахсларнинг одил судловдан фойдаланиш ҳуқуқ ҳамда сиёсий ҳуқуқлари алоҳида модда сифатида кўрсатиб ўтилиши жамиятда тенглик ва ижтимоий ҳимоянинг манзиллилигини таъминлашга хизмат қилади. Айрим масалалар депутатларда саволларни юзага келтирди.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидагидаги
Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Лойиҳанинг концепциясини маъқуллаган ҳолда, баъзи саволларим бор. Одил судлов билан боғлиқ яна бир янги модда таклиф этиляпти. Бевосита Судлар тўғрисидаги қонунга, Жиноят процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эса назарда тутилмаган. Суриштирувда ёки терговда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларга мақбул шароит яратиб бериш лозим. Шунингдек, сайлов масаласига оид қўшимча ҳам таклиф этилган. Аммо Сайлов кодекси ҳамда Референдум тўғрисидаги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланмаган.

 

Қонун ташаббускорлари Жиноят процессуал кодекси ва Сайдлов кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи албатта ўрганиб чиқилиши, лойиҳа қайта ишланиши ҳақида маълум қилишди.

Савол-жавоб ҳамда муҳокамалардан сўнг лойиҳа депутатлар концептуал маъқулланди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш