Бугун Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгашидаги медиа марказида кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш масалаларига бағишланган онлайн давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш, бошқариш ташкилотлари томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш борасида Наманган вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш бўйича депутатлик назорати якунлари муҳокама қилинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Наманган вилояти кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари аъзолари, партия фаоллари, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари иштирок этган мулоқотни Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Варисова Мақсуда Азизовна кириш сўзи билан очиб берди. М. Варисова ўз сўзида юртимизда халқнинг фаровон яшаши, оилаларнинг аҳил ва иноқ яшашига эришиш мақсадида кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари йилдан йилга такомиллаштирилиб борилаётганлиги, бошқариш ташкилотлари томонидан аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш борасида амалий натижаларга эришилаётганлигига эътибор қаратди.
Давра суҳбатида Халқ депутатлари Наманган вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳининг вилоятда кўп қаватли уйларга коммунал, кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш хизматларини кўрсатувчи бошқарув компаниялар фаолиятини ўрганиш натижалари ўқиб эшиттирилди. Ҳисоботда келтирилишича, депутатлар, партия фаоллари, вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси вакилларидан иборат Ишчи гуруҳи жорий йилнинг 6-20 февраль кунлари Наманган шаҳар ҳамда Уйчи, Поп туманларидаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатаётган бошқарув компаниялар фаолияти ўрганилган.
Бугунги кунда Наманган вилоятида 1702 та кўп қаватли уй (54360 та хонадон) мавжуд. Уларнинг 1551 тасига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5152-сон қарорига биноан ташкил этилган бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади. Наманган вилоятида 36 та бошқарув компанияси ташкил этилган. Сўнгги 2 ва 4 йил ичида қурилган янги уйлар қурувчи ташкилотлар томонидан бошқарилиб келинмоқда. Шу йиллар давомида қурилган уйларда муаммоли масалалар деярли мавжуд эмас, муаммо ва камчиликлар асосан эски кўп қаватли уйларда бор.
Масалан, биринчи навбатда кўп қаватли уйларнинг ташқи қиёфаси таъмирталаб. Шунингдек, коммуникация тармоқларининг ишлаши қониқарли аҳволда эмас. Электр тармоғини тортишдаги палапартишликлар, оқава сув (канализация), тоза ичимлик суви тармоқлари эскирганлиги каби ҳолатлар аниқланган. Мазкур масалалар юзасидан жойида тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари юборилди ва депутатлик гуруҳи йиғилиши муҳокамасига киритилди.
Йиғилишда кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи сервис компаниялар раҳбарларининг, кўп қаватли уйларда яшовчи мулкдорларнинг, вилоят қурилиш ва уй-жой хўжалиги бошқармаси вакилларининг, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъуллари ҳамда депутатларнинг муаммоли масалалар ечими бўйича таклифлар тингланди. Фикр-мулоҳаза ва таклифлар таҳлил қилиниб, тегишли ташкилотларга маълумот киритилди.