Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги ҳамда Халқ демократик партиясининг 30 йиллиги муносабати билан «Энг самарали ижтимоий лойиҳа» танловини ўтказиш бўйича

НИЗОМ

 

Умумий қоидалар

 

  1. Танловнинг асосий мақсад ва вазифалари

   1.1. «Энг самарали ижтимоий лойиҳа» (бундан буён матнда танлов деб юритилади) Ўзбекистон ХДП аъзоси ёки партиясиз, 18 ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ўтказилади.

   1.2. Ушбу танловнинг асосий мақсади, партия сайловолди дастурий мақсадларини ҳаётга татбиқ этишнинг янги, замонавий усулларини ишлаб чиқиш, фуқароларнинг мазкур жараёнга янада самарали воситалар орқали ёндашишга доир ғоя ва ташаббусларини ҳаётга татбиқ қилишга кўмаклашиш, шунингдек, ёшларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлардаги иштирокини қўллаб-қувватлашдан иборат.

 

  1. Танловни ўтказиш муддати

Танлов 2021 йил 20 августда бошланади ва 2021 йилнинг 10 сентябрь кунига қадар давом этади.

 

  1. Танловнинг шартлари

   3.1. Танловда иштирок этишни хоҳловчилар тақдим этадиган ижтимоий лойиҳаси билан бирга ўзи ҳақидаги маълумотлар (исми-шарифи, туғилган йили, иш ёки ўқиш жойи, яшаш жойи (манзили) ва телефон рақами) кўрсатилган сўровномани yoshlar@xdp.uz электрон манзилига юборишлари лозим. Танлов иштирокчисининг сўровномаси партиянинг веб-сайтида жойлаштирилади.

   3.2. Танлов қуйидаги номинацияларда ўтказилади.

– ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларда камол топаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш йўналишидаги энг яхши лойиҳа;

– қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган партия электорати вакилларининг ижтимоий фаоллиги, ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган зарур шароитлар яратиш бўйича аниқ таклифларга асоланган энг самарали лойиҳа;

– давлат бюджетидан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ажратилаётган маблағлар манзиллилиги, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилувчи лойиҳа;

– ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш, уларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бу каби иллатлар ҳақидаги тушунчаларини бойитишга қаратилган энг яхши тарғибот лойиҳаси;

– аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳамда аҳолининг манзилли ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатламлари учун мақбул ижтимоий шароитлар яратишга қаратилган лойиҳалар.

   3.3. Мазкур лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида қуйидаги талабларга эътибор қаратиш лозим.

  1. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд оилаларда камол топаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш йўналишидаги энг яхши лойиҳа.

– муайян ҳудудда мавжуд ёшлар сони, уларнинг бандлик даражаси, интилишлари тўғрисида кенг кўламли ўрганишлар ўтказиб, аниқланган камчиликлар ечими борасида аниқ ва асосли таклифлар ишлаб чиқиш;

– уй меҳнати ва касаначиликни ривожлантириш, муайян ҳудудда саноатнинг айнан қандай турларини ривожлантиришга эҳтиёж ва зарур шароитлар борлигини ўрганиш, бу борада чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш;

– иқтидорли, ўз ғоясини ҳаётга татбиқ қилишда ижтимоий кўмак ёки алоҳида қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезаётган ташаббускор ёшларни аниқлаш.

  1. Қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган партия электорати вакилларининг ижтимоий фаоллиги, ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган зарур шароитлар яратиш бўйича аниқ таклифларга асоланган энг самарали лойиҳа.

– аҳоли учун зарур бўлган ижтимоий хизматларнинг мақбуллигини ва кўламини кенгайтириш, шунингдек, аҳолининг кам таминланган қатламлари ва ишга жойлашишда қийналаётган одамларнинг мазкур хизматдан фойдаланишлари учун тенг имкониятлар таъминланиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш, бирламчи эҳтиёж бўлган товар ва хизматларининг ижтимоий мақбуллигини таъминлаш;

– мактабгача таълим муассасалари, болалар спорт майдончалари, ахборот-ресурс марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш;

– кенг ахоли вакилларининг мазмунли ҳордиқ олиши учун кинотеатр ва бошқа кўнгилочар иншоотлар фаолиятини йўлга қўйиш орқали аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатадиган яхлит тизимни шакллантириш.

  1. Давлат бюджетидан аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида ажратилаётган маблағлар манзиллилиги, бу борада йўл қўйилаётган камчиликларни аниқлаш ва бартараф этишга хизмат қилувчи лойиҳа.

– амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилаётган маблағлар манзиллилигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага мухтож фуқароларни қўллаб-қувватлашнинг янги, замонавий механизмларини янада такомиллаштириш, мазкур йўналишга янгича ёндашувларни жорий қилиш.

  1. Ёшларнинг вақтини унумли ўтказиш, уларни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида тарбиялаш, турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, ёшларнинг бу каби иллатлар ҳақидаги тушунчаларини бойитишга қаратилган энг яхши тарғибот лойиҳаси.

– Йигит-қизларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб этиш, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш;

– вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишини олдини олиш, баркамол авлодни тарбиялашда оммавий ахборот воситалари ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни кенг ривожлантириш;

– ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, интилишларини қўллаб-кувватлаш, уларни маънавий ва жисмоний камол топтириш, Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, турли ёт ғояларни тарғиб қилиб келаётган ва паст савияли «оммавий маданият» таъсиридан асраш;

– санаб ўтилган мақсадлар бўйича, янгича усул ва воситаларни қўллашга доир креатив лойиҳалар яратиш.

  1. Аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш, жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳамда аҳолининг манзилли ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд қатламлари учун мақбул ижтимоий шароитлар яратишга қаратилган лойиҳалар.

– ҚВПлар фаолиятини ўрганиш, уларнинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир таклифлар ишлаб чиқиш;

– жисмоний имконияти чекланганлар, кам таъминланган оилалар вакиллари, боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш;

– ижтимоий муҳофазага эҳтиёжманд аҳоли вакиллари ҳолидан хабар олиш орқали юртимизда ҳар бир инсон давлат ва жамият эътиборида эканлигига доир ғояни тарғиб қилиш.

 

  1. Танлов Ҳайъати аъзолари ва уларнинг ваколатлари

Танловга қабул қилинган ижтимоий лойиҳаларни саралаш мақсадида Танлов Ҳайъати аъзолари тасдиқланади.

Танлов Ҳайъати аъзолари лойиҳанинг ҳаётийлиги, халқчиллиги, истиқболи, партия дастурий мақсадларига мувофиқлиги, аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун самарадорлигига эътибор қаратади.

 

  1. Ижтимоий лойиҳалардан фойдаланиш ҳуқуқлари

Партия ташкилотлари танловга юборилган барча лойиҳаларни ўз ихтиёрига кўра амалиётга татбиқ этиш ҳуқуқига эга.

 

  1. Танлов ғолибларини тақдирлаш

Танлов Ҳайъати аъзолари томонидан лойиҳалар ўрганиб чиқилгач, номинациялар бўйича ғолибларнинг рўйхати 2021 йилнинг 5-сентябрь куни партиянинг веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқларда ва «Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинади.

Танлов Ҳайъати аъзолари томонидан номинациялар бўйича биринчи ўринга лойиқ кўрилган лойиҳалар ғолибнинг ўзи яшайдиган ҳудудида партиянинг минтақавий кенгаши кўмагида амалиётга татбиқ этилади.

 

  1. Танлов ҳаражатларини молиялаштириш

Танловда номинациялар бўйича биринчи ўринга лойиқ кўрилган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишда тегишли минтақавий кенгашлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилади. Бунда ҳомийлар жалб этилади, депутатлар кўмагидан фойдаланилади. Лойиҳанинг кўламидан келиб чиқиб, зарур ҳолларда имтиёзли кредитлар олишга ёрдам берилади.