Қирғизистон парламенти қўмитаси тараққиёт фонди шартномасини маъқуллади
Қирғизистон парламентининг Халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси “Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт фондини ташкил этиш шартномасини ратификациялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт фондини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома 2021 йилнинг 11 март куни Тошкентда икки давлат ҳукуматлари даражасида имзоланган эди.
Мазкур фонд Қирғизистон ҳудудида фаолият юритувчи тадбиркорларга молиявий кўмак кўрсатиш мақсадида ташкил этилади. Фонднинг низом капитали дастлаб 50 миллион доллар миқдорида бўлади. Кейинроқ бу капитални 200 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Фонд маблағи Ўзбекистон томонидан шакллантирилади.