Россияда коронавирус тарқалиши шиддатли тус олмоқда, ҳар куни 20 мингдан ортиқ янги ҳолат қайд этиляпти. Эпидемиологик вазият кескинлашгани муносабати билан аҳолини мажбурий эмлаш масаласи кўтарилди.
16 июнь куни “Роспотребнадзор” савдо, умумий овқатланиш, жамоат транспорти ва такси, маиший хизматлар, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизмат кўрсатиш, УЖКХ ва энергетика соҳалари хизматчиларининг 60 фоизини эмлашга кўрсатма берди. Ушбу соҳаларда персоналнинг катта қисмини мигрантлар ташкил қилади.
18 июнда Москва мэри Сергей Собянин келаси ой бошидан мигрантларни моҳиятан “Спутник V” вакцинасининг дастлабки компоненти бўлмиш “Спутник Лайт” билан эмлаш бошланишини эълон қилганди. 27 июнь куни эса президент Путин 15 июлга қадар меҳнат мигрантларини эмлашни ташкил қилиш ва бунинг “молиявий манбаларини белгилаш”га буйруқ берди. Россия ҳукуматига тегишли кўрсатма Петербург халқаро иқтисодий форуми якунлари бўйича мамлакат президентидан келиб тушди. Россия президенти Владимир Путин мамлакат ҳукуматига молиялаштириш манбасини белгилаб, Россияга ишлаш учун келаётган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни 15 июлга қадар эмлаш ишларини ташкил этиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ҳақда Кремл сайтида хабар қилинган.
Москва мериясига кўра, мигрантларни эмлаш нархи 1300 рублни ташкил қилади, уни иш берувчи тўлайди. Россияда шанба куни «Спутник Лайт» вакцинасининг дастлабки партиялари фуқаролик муомаласига киритилди, уни хорижий фуқаролар, шу жумладан меҳнат муҳожирларини эмлаш учун ишлатиш режалаштирилган.
Аввалроқ, Москва мэрининг ижтимоий ривожланиш бўйича ўринбосари Анастасия Ракова шаҳарда вакцина фуқаролик муомаласига киритилганидан сўнг, мигрантлар учун эмлаш пунктлари улар учун қулай жойларда ташкил этилишини айтган эди.