Кубанинг бир неча шаҳарларида ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Намойишчилар ҳукуматнинг пандемия вақтидаги ҳаракатсизлигига, мамлакатдаги иқтисодий инқироз, электр энергия ва озиқ-овқат етказишдаги узилишларга қарши норозилик билдиришмоқда. Маълумотларга кўра, намойишларда минглаб кубаликлар иштирок этмоқда ва улар “Озодлик” ҳамда “Коммунизм йўқолсин!” деб ҳайқиришмоқда.
Намойишчилар мамлакатда эркинлик ва демократия ўрнатилиши ҳамда аҳолининг коронавирусга қарши вакцина ва дори-дармон билан таъминланишини, очарчиликка чек қўйилишини талаб қилишмоқда. Намойишлар Кубада коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани ортида бошланган. Мухолифатнинг таъкидлашича, ҳукуматга қарши намойишлар 30 йил ичида илк бор бундай катта кўламда ўтмоқда. Куба давлат телевидениесининг хабар қилишича, намойишлар тартибсизликлар билан кечмоқда. Намойишчилар бир нечта дўконларни талон-торож қилиб, у ердан озиқ-овқат маҳсулотларини олиб чиқишган. Шунингдек, улар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз бераётгани қайд қилинган.
Куба президенти Мигел Диас-Канел коммунистларни кўчага чиқишга ва намойишчиларга қарши курашишга чақирган. У мамлакатда юз бераётган тартибсизликларда АҚШни айблаган. Ўз навбатида, пойтахт Гаванада ҳукуматни қўллаб-қувватловчилар иштирокида намойишлар ўтган. “Биз Америка империясига сотилган аксилинқилобий ёлланмаларга барқарорсизлик келтириб чиқаришга йўл қўймаймиз. Бунга инқилобий жавоб бўлади. Шу сабабли биз барча коммунистларни ушбу иғвогарликлар юз бераётган кўчаларга чиқишга ва ёлланмаларга қарши курашишга чақирамиз”, деб айтган Куба президенти давлат телевидениеси эфирида.
Кубада охирги кунларда коронавирус юқтириш ҳолатлари сони кескин кўпайгани сабабли 9 июлда маҳаллий мутахассислар томонидан коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцина Abdala’ни фавқулодда қўллашга рухсат берилди.