Ўзбекистон вакили БМТ ИҲК раисининг ўринбосари этиб сайланди

 

Осиё-Тинч океани минтақавий гуруҳига аъзо давлатлар Ўзбекистон вакили Улуғбек Лапасов номзодини 2022 йил учун БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши раисининг ўринбосари лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватлаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди. Бу лавозимга сайлангунига қадар 39 ёшли Улуғбек Лапасов Ўзбекистоннинг Женева шаҳридаги БМТ бўлинмаси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги доимий вакили лавозимида ишлаган. 2020 йили Ўзбекистон 2021-2023 йиллар мобайнида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг тўлақонли аъзоси этиб сайланган.

БМТ ИҲК таркибига 47 давлат киради ҳамда бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилишга масъул тузилма ҳисобланади. Кенгаш ваколатига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги эътиборга молик бўлган барча масалалар ва вазиятларни муҳокама қилиш киради. Халқаро ташкилотлар рейтингида Ўзбекистонда сўнгги йилларда инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида ижобий ўзгаришлар кузатилаётир.

 

 

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш