Покистон Ўзбекистон учун ишончли ҳамкордан стратегик ҳамкорга айланмоқда. Бу мамлакат Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигини биринчилардан бўлиб, 1991 йилнинг 20 декабрда тан олгани эътиборга молик.
Покистон географик жиҳатдан жуда қулай маконда жойлашган Жанубий Осиё давлати. Жанубий чегаралари Араб денгизи ва Уммон кўрфазига туташиб кетади. Аҳолиси 225 миллиондан ортиқ, аҳоли сони жиҳатдан дунёда бешинчи ўринда турадиган йирик давлат. Тарихан Ипак йўли орқали Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон билан яқин ҳамкорликда бўлиб келган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифи давомида Бош вазири Имрон Хон билан музокаралар ўтказди.
Тор доирада ташкил этилган учрашувда Покистон Бош вазири давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантириш Покистон учун устувор аҳамиятга эга эканини қайд этди.
Учрашувда асосий эътибор икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилди.
Кейинги йилларда алоқалар анча фаоллашди. Бундан ташқари, икки мамлакатнинг турдош вазирлик ва идоралари, ҳудудлар раҳбарлари доимий мулоқотда бўлиб, олий даражада эришилган келишувларни амалга оширмоқда.
Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Исломободда Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, бизнес-форум, сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ўртасида ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми 2021 йилда 181 млн. долларга тенг бўлган. Умуман, сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқалар янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. 2022 йилнинг ўтган икки ойи давомида эса ўзаро савдо ҳажми ўтган йилдаги икки ойликка қараганда 70 фоизга ошган.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Покистонга ташрифи икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги шерикликнинг истиқболли йўналишларини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташриф ҳар икки мамлакатнинг ўзаро иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, бизнес алоқаларини кенгайтириш, шунингдек, барча соҳаларда самарали шериклик учун мавжуд иқтисодий салоҳиятдан тўлиқ фойдаланишга бўлган қизиқишини яққол намоён этди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон музокараларни икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом эттирдилар.
Унда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, туризм, маданият соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
– Қадимий Буюк ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос боғлаб туради. Биз бугун бу кўҳна анъаналарни қайта тиклаяпмиз. Давлатлараро муносабатларимиз стратегик шериклик даражасига кўтарилганидан мамнунмиз, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлатимиз раҳбари яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион доллар, келгусида эса 1 миллиард долларга чиқариш имконияти борлигини таъкидлаб, бу борадаги муҳим йўналишларни кўрсатиб ўтди.
Аввало, саноат соҳаларида кооперация дастурини, савдо айланмаси таркибини кенгайтириш бўйича «йўл харитаси»ни биргаликда ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Иккинчи муҳим йўналиш – мамлакатларимиз ва минтақаларимиз ўртасида мультимодал транспорт, юк ва ҳаво ташувлари бўйича ҳамкорликни кучайтириш. Яқинда Транзит ва савдо битими кучга кирди, мунтазам юк ташувлари учун асос яратилди.
– «Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар» темир йўли бизнинг умумий келажагимиздир. Бу йўл битса, Покистонни Марказий Осиё билан боғлайдиган, Ўзбекистонни Карачи, Гвадар ва Қосим портларига олиб чиқадиган энг яқин, арзон ва хавфсиз йўлакни яратамиз. Бу темир йўл минтақаларимиз қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборади, – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Музокарада ушбу лойиҳани янада илгари суриш бўйича келишувга эришилди.
Доимий авиа қатновларни қайта тиклаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Президентимиз зиёратларни тизимли ташкил этиш мақсадида қўшма гуруҳ тузиш, икки мамлакат Туризм вазирликларининг ваколатхоналарини очишни таклиф қилди.
– Ўйлайманки, бугунги очиқ ва сермаҳсул мулоқотларимиз, имзоланадиган ҳужжатлар стратегик шериклигимизнинг янги истиқболли йўналишларини очади. Энг асосийси, биз – икки биродар бир-биримизни яхши тушунамиз. Биз қўйган катта марраларга эришиш учун Ҳукуматларимиз доимий мулоқотда бўлишлари зарур, – деди Президентимиз.
Исломободдаги музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Имрон Хон икки давлат ўртасида стратегик шерикликнинг келгуси қадамлари тўғрисидаги Қўшма декларацияни имзоладилар.
Шунингдек, ҳукуматлар ва идоралар ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, атроф-муҳитни асраш, зиёрат туризми, темир йўл соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисида келишувлар, Сурхондарё вилояти билан Хайбер-Пахтунхва провинцияси, Тошкент шаҳри билан Исломобод шаҳри ўртасида шартномалар каби 10 га яқин ҳужжат имзоланди.
Бундан ташқари, ташриф арафасида ўтган бизнес форумда 800 миллион долларлик қўшма савдо ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи ОАВ нигоҳида бўлди. Покистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилмоқда, Тошкент мавқеининг янада мустаҳкамланаётганига эътибор қаратилмоқда.
Жумладан, «Pakistan observer» нашрида Ўзбекистон ҳақида шундай таъриф берилган: «Ўзбекистон Марказий Осиёнинг «дарвозаси» ҳисобланади. У минтақа ва унинг чегараларида ижтимоий-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалар интеграциялашувига катта ҳиссса қўшди».
Аксарият Покистон ахборот ва янгиликлар онлайн порталлари Ўзбекистоннинг МДҲ, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун нафақат ишбилармонлик маркази, балки инвестиция киритиш, бизнес ва савдо учун жозибадор давлатга айланганини эътироф этишган.
Маҳаллий экспертлар, айниқса, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўладиган Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасидаги ишонч ва дўстона муносабатларга алоҳида урғу беришмоқда.
Шунингдек, «Urdu Point» нашрида икки давлат ҳамкорлиги ҳақида шундай жумлалар бор: «Томонлар давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш учун катта имкониятларга эга. Жорий йилнинг 1 март куни Исломободда Покистон ва Ўзбекистоннинг 100 нафарга яқин вакиллари иштирокида «Шавкат Мирзиёев: Янги Ўзбекистон стратегияси» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб тақдимоти рамзий маънога эга, чунки Президент Шавкат Мирзиёев ўз юртида ҳозир Покистонда амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди».
«Ўзбекистон овози» мухбири
Аҳмад ҚУРБОНОВ
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 8.03.2022, №10