Пенсия ёшидаги аҳоли вакилларига эътиборни янада кучайтириш ҳамда уларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш мақсадида

“Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз!” лойиҳаси

КОНЦЕПЦИЯСИ

Кириш

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналиши – бу инсон манфаатлари ва ҳуқуқлари, барча фуқароларга тенг имкониятлар тақдим этиш, жумладан пенсионерлар, айниқса уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларни давлатнинг реал ёрдами ва эътиборидан четда қолмаслигини таъминлашдан иборатдир. Ижтимоий ҳимоя сиёсатининг илк босқичида мамлакатимизда ижтимоий таъминот тизими тамомила қайта қурилди, пенсионерларни ижтимоий ҳимоялашнинг янги шакллари жорий этилди, кучли ижтимоий сиёсатнинг мустаҳкам асоси шакллантирилди ва у амалда муваффақиятли қўлланилмоқда.

Юртимизда кекса ёшдаги инсонларнинг ижтимоий ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари ва ташкилий механизми яратилган. Мамлакатимиз Конституцияси (39-модда), “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4906-сонли Фармони ва “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-2753-сонли Қарори,“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги бир қатор қонунлар ва Меҳнат кодекси, шунингдек, бошқа кўплаб ҳужжатлар шулар жумласидандир.

Бугунги кунда, юртимизда 3,1 млн.дан ортиқ пенсионерлар мавжуд бўлиб, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда ижтимоий мувозанатни сақлаш, ижтимоий адолат принципини қарор топтириш бевосита партиямиз мақсад ва вазифалари ҳамда электорат манфаатлари билан уйғундир.

 

Лойиҳанинг долзарблиги:

Биринчидан, Ўзбекистон ХДП дастурий мақсадларида пенсионерларни, кекса ва ёлғиз қарияларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида пенсионерлар ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, уларни тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича муҳим вазифалар белгиланган. Шунингдек, партия ташкилотлари ва депутатлар фаолияти давомида пенсионерлар ижтимоий муҳофазасини янада кучайтириш, турмуш даражасини ошириш, ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, даволаш-профилактика хизматини кенгайтириш, уй-жой ҳамда маиший шароитларини яхшилашга катта эътибор қаратиб келмоқда.

Иккинчидан, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишларда ҳам айнан кекса ёшдаги инсонлар, айниқса уруш ва меҳнат фахрийлари, ногиронларни эъзозлаш, уларнинг атрофида эҳтиромли муҳит ҳосил қилиш, зарур моддий, маънавий, тиббий ёрдам кўрсатиш, пенсионерларимизни ҳаёт даражасини яхшилашга ҳалақит бераётган муаммоларни аниқлашда фаол иштирок этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган. Шунга кўра, Ўзбекистон ХДП томонидан ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича бир қатор Ўзбекистон ХДП Пленум (2017 йил 5 августдаги Пл–VIII/-сонли) ва Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси (2018 йил 12 январдаги И-1/2 сонли) қарорларига кўра чора-тадбирлар режаси қабул қилинган ва бугунги кунда ушбу чора-тадбирларда белгиланган вазифалар бўйича бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ушбу лойиҳа бу борада олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Учинчидан, 2017 йил 15 сентябрдаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ўртасида имзоланган меморандум шартларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш дастурий мақсад-вазифаларимизни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Тўртинчидан, оммавий ахборот воситалари нафақат жамиятнинг қадриятлар борасидаги қарашларини акс эттиради, балки аҳолининг кекса ва ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари, пенсионерлар муаммоларига муносабатини ҳам шакллантиради. Афсуски, ОАВ пенсионерлар, кекса ва ёлғиз қариялар муаммоларини ёритишга у қадар кўп эътибор бермайди. Матбуот таҳлили натижаларига таяниб айтиш мумкинки, пенсионерларни бугунги кун ижтимоий ҳаётга адаптацияси, улар дуч келаётган муаммолар, дори-дармоан воситалари билан таъминланганлик борасидаги муаммолар, уларнинг ижтимоий мавқеи ва ўрни ОАВда аксарият ҳолларда тўлиқ ёритилмайди. Оммабоп матбуотда пенсионерларнинг ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги, шунингдек ана шу ҳуқуқларни тушунтирувчи ва шарҳлаб берувчи материаллар жуда кам. Кекса ёшдаги кишиларнинг жамият ҳаётига интеграциялашуви ҳақида сўз борар экан, уларнинг кундалик турмуши, жамиятга қай тарзда ва даражада интеграциялашаётгани, уларнинг ижтимоийлашуви қандай кечаётгани, дам олиши, баъзи ҳолларда мажбурий ёлғизликни қандай енгиши, оиласи, бўш вақтларини қандай ўтказиши ҳақидаги мақолалар, кўрсатувларни ишлаб чиқишга эътибор қаратилиши лозим деб ҳисоблаймиз.

Бешинчидан, кекса ёшдаги инсонларни бугунги кунда қийнаб келаётган муаммолардан бири бу тиббиёт соҳаси билан чамбарчас боғлиқдир. Тўғри, мамлакатимизда тиббий-ижтимоий ислоҳотлар жараёнида соғлиқни сақлаш тизимини модернизациялаш, аҳолига замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббий-профилактика хизматининг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, тиббий ёрдамга аҳолининг бошқа қатламларига нисбатан кўпроқ муҳтож қатлам- айнан кекса ёшдаги инсонлар бўлиб, уларнинг тиббий маданияти, бу борадаги ҳақ-ҳуқуқларини билиши ва улардан фойдаланиш даражаси анчайин паст кўрсаткичда. Шу сабабдан, лойиҳа доирасида кекса ёшдаги (пенсионерлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари) нинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дорилар ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжини аниқлаш, ижтимоий дорихоналардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

Шунга кўра, юқоридагилардан келиб чиқиб ҳамда ЎзХДП Сайловолди дастурида, 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ЎзХДП Марказий Кенгаши Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалар бўлими томонидан “Кексаларимизнинг фаровон ҳаёти учун масъулмиз” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

 

Лойиҳа мақсади:

  • Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш;
  • Партия дастурий вазифаларини амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш;
  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ўртасида имзоланган меморандум шартларини тўлиқ ва ўз вақтида бажариш;
  • Ўзбекистон ХДП марказий ва ҳудудий нашрлари, партия расмий веб-сайти ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида пенсионерлар, кекса ва ёлғиз қариялар дуч келаётган муаммоларни ёритишга бағишланган мақолалар, маълумотлар сонини ошириш;
  • Кексаларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини ошириш, ёлғизликда умргузаронлик қилаётганлар ўзларини жамиятда ёлғиз, айро ҳис қилишларининг олдини олиш мақсадида уларга ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларидан фойдаланишни ўргатиш;
  • Қариялар уйларида ёки ёлғизликда яшаётган кексалар учун “Истиқбол” ёшлар қаноти фаолларидан иборат “Кўнгиллилар” гуруҳларини ташкил қилиш ва уларни партиянинг дастурий мақсадлари асосида, ёши улуғ одамларнинг чинакам ёрдамчисига, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги кўмакчисига айланишларига ёрдамлашиш учун кўнгиллиларга қисқа муддатли (1-3 кунлик) махсус ўқув курсларини ташкил қилиш, ўқитиш, тайёргарлик босқичлари орқали профессонал кўнгиллига айлантириш;
  • Пенсионерларнинг моддий шароитини яхшилаш, улар учун белгиланган имтиёзларнинг, нафақа тўғрисидаги қонунчиликнинг тўла ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш;
  • Лойиҳа доирасида кекса ёшдаги (пенсионерлар, ногиронлиги бўлган инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари) нинг ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дорилар ва тиббиёт буюмларига эҳтиёжни аниқлаш ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • Кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ушбу масалада давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул раҳбарлари эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб қувватлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги олиб бораётган ишлари юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлар томонидан вакиллик органларининг ҳисоботларини эшитиш;

 

Лойиҳани амалга ошириш механизми:

Аҳолининг кенг қатламлари орасига чуқур кириб бориш мақсадида ҳар бир туманда 5 тадан (жами 1010 та) ижтимоий ҳимояга муҳтож, кекса ва ёлғиз қариялар учун амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур тадбир йил охиригача (ҳар бир вилоят, туман-шаҳарлари учун алоҳида режа асосида) давом этади.

Лойиҳа доирасида Марказий Кенгаш томонидан ҳар бир вилоят, шаҳар кенгашида 1 тадан Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия-жамоат фонди, Республика “Оила” илмий-амалий маркази, маҳалла фаоллари, партия фаоллари иштирокида намунали, кўргазмали тадбир ташкил этилади. Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республика, вилоят, туман-шаҳар кенгашлари томонидан ишчи гуруҳ шакллантирилади. Ишчи гуруҳ таркибига МК вакиллари, вилоят, туман-шаҳар кенгаши раислари, маҳаллий кенгаш депутатлари, тиббиёт ходими, фаол ёшлар ва бошқалар, (7 нафардан 9 нафаргача) киритилади. Ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир вилоят, шаҳардаги нуронийларнинг пенсия таъминоти (ёши бўйича пенсиялар, имтиёзли шартларда пенсия олувчилар, ногиронлик бўйича пенсионерлар, меҳнатда жароҳатланган ёки касб касаллиги оқибатида пенсия олувчилар ва ҳ.з.), ижтимоий нафақа олувчилар (болаликдан ногирон бўлганлар, 60 ёшга тўлган аёллар, 65 ёшга тўлган эркаклар ва ҳ.з.), ишлаётган пенсионерлар сони (уруш ногиронлари, меҳнат фахрийлари, МФЙ раислари ва ҳ.к.) ўрганилади ҳамда таҳлил натижаларига кўра ҳар бир тумандан 5 тадан ижтимоий ҳимояга муҳтож, кекса ва ёлғиз қариялар рўйхати тузилади. Тузилган манзилли рўйхат бўйича Марказий Кенгаш томонидан ўтказилган тадбир якунларига кўра, Қорақалпоғистон Республика, вилоят, шаҳар учун тавсиялар ишлаб чиқилади. Қорақалпоғистон Республика, вилоят, шаҳар кенгашлари томонидан ўз навбатида ҳар бир туман учун учун режа ишлаб чиқилади ҳамда шу режа асосида, қуйидаги йўналишларда амалга оширилади.

 

Тарғибот йўналишида:

  • Рўйхатга киритилган ҳар бир манзилли нуроний хонадонига вилоят, туман-шаҳар кенгашлари партия ходимлари, туман “Нуроний” жамғармаси вакили, маҳаллий кенгаш депутатлари, МФЙ раиси ва маҳалла фаоллари билан ташриф буюрилади ҳамда уларни қийнаётган муаммолар (пенсия таъминотидаги узилишлар, дори-дармон ва тиббий буюмларга бўлган эҳтиёж, мажбурий ёлғизлик борасидаги, моддий шароитини яхшилаш ва ҳ.з.) ўрганилиб, уларни ҳал этиш йўллари бўйича таҳлилий маълумот тайёрланади. Туман даражасида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар туман даражасида, вилоят даражасида ҳал қилиниши мумкин бўлган муаммолар вилоят даражасида, қонунчиликка ўзгартиш ва таклифлар киритиш лозим бўлган вазиятларда Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига таклифлар юбориш орқали ҳал этилади.
  • Ҳар бир МФЙ ларда манзилли нуронийларимизни, уларга берилаётган имтиёзлардан хабардор қилиш мақсадида соҳа вакилларини таклиф этган ҳолда очиқ мулоқот тарзидаги суҳбатлар ташкил этилади. Бунда, рўйхатга киритилмаган нуронийларимиз иштирок этиб, ўзларини қийнаётган саволлар билан мурожаат этишлари мумкин бўлади.
  • Шу билан бирга, нуронийларнинг тиббий маданиятни оширишга қаратилган “Нуронийларимизнинг фаровон яшаши – бизнинг эътиборимизда”, “Тиббий маданият – саломатлик гарови” мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилади. Унга, Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги, “Ўзфармсаноат”, “Ўзбекистон врачлар ассоциацияси”, жамоат бирлашмалари масъул ходимлари таклиф этилади. Давра суҳбатида мамлакатимизда нуронийларимиз соғлиғини тиклаш ва сақлаш йўлида яратилган шарт-шароитлар ва улардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар, ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар негизида соғлиқни сақлаш йўналишида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирларнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом ва фаровон турмуш тарзини шакллантиришдаги аҳамияти хусусида ахборотлар берилади. Нуронийлар учун махсус соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи фильм ва видеороликлар намойиш қилинади. Шу билан бирга соғлиқни сақлаш соҳасига, дори-дармон воситаларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолига етказишга оид қонун ҳужжатлари юзасидан, таклиф этилган мутахассислар ва иштирокчиларнинг таклифлари олинади.
  • Шунингдек, лойиҳа доирасида кекса ва ёлғиз қарияларнинг Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали бошқа шаҳарлардаги ўз яқинлари билан мулоқот қилишлари, ўзлари қизиққан маълумотлардан фойдаланишлари учун имконият яратиш мақсадида кўнгилли ёшлар гуруҳи ёрдамида нуронийларимизга компьютер ва Интернет тармоғидан фойдаланишни ўргатиш ҳам назарда тутилган. Бу уларга ўзларини ёлғиз сезмасликлари, замонавий ахборот муҳитига ижтимоий мослашувларини ҳал қилишда муҳим аҳамият касб этади.

 

Таҳлилий йўналишда:

  • Партия электорати вакиллари бўлган пенсионерлар, кекса ва ёлғиз қарияларни ўйлантираётган масалалар аниқланади, таҳлил қилинади ва ҳал этишга кўмаклашилади.
  • Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қабул қилинаётган янги қонун ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тарғиб қилинади ва қонун лойиҳаларига таклифлар шакллантирилади.
  • Ижтимоий ҳамкор ташкилотлардан соҳа мутаҳассисларини жалб қилган ҳолда нуронийларимизни ташвишга солаётган саволларга малакали жавоб қайтарилади.
  • Тадбирлар давомида нуронийларнинг дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашга бўлган эҳтиёжи ўрганилади ва таҳлил қилинади.
  • Лойиҳани амалга ошириш жараёнида нуронийларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тақдим этилади.

 

Ташкилий йўналишда:

  • Лойиҳани амалга ошириш жараёнида аниқланган маълумотлар мутахассислар иштирокида таҳлил қилиниб, аниқ асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон ХДП фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга етказилади.
  • Кексалар учун назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатлари қоидалари ижроси устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, ушбу масалада давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул раҳбарлари эҳтиёжманд кексаларни ва аҳолининг бошқа қатламларини ижтимоий қўллаб қувватлаш ва тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги олиб бораётган ишлари юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлар томонидан вакиллик органларининг ҳисоботлари эшитилади.
  • Аҳоли орасида тиббий саводхонлик ва маданиятни оширишга назарий ва амалий жиҳатдан кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва тарғиб қилишга эришилади.

 

Лойиҳадан кутилаётган натижа:

  • Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар ижроси таъминланади.
  • Ўзбекистон ХДП дастури ва Сайловолди платформасида белгиланган мақсад ва вазифалар амалга оширилади.
  • Партия электорати вакилларини ўйлантираётган масалалар аниқланади, таҳлил қилинади ва ОАВлари орқали кенг ёритиб борилади.
  • Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ўртасида имзоланган меморандумга кўра белгиланган вазифалар ижроси таъминланади.
  • Ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларимиз аниқланиб, уларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, тегишлилиги бўйича ечим топишга эришилади.
  • Лойиҳани амалга ошириш жараёнида нуронийларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимига доир таклифлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларига тақдим этилади.
  • Лойиҳани амалга ошириш давомида кўтарилган ижтимоий аҳамиятга молик муаммо ва масалалар жамланиб, ҳар чорак якунида бир марта амалга оширилган ишлар сарҳисоби Миллий матбуот марказида мутахассислар иштирокида очиқ мулоқот таҳлил қилиниб, аниқ асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон ХДП фракцияси орқали тегишли вазирлик ва идораларга етказилади. Зарур ҳолларда Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар берилади.

 

Мафкура ва тарғибот-ташвиқот

масалалари бўлими