Президентликка номзод қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди
Президентликка номзод қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб ўтди.

Учрашувда ёшлар, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, ишончли вакил Халилла Эшимбетов олиб борди. Сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ўқиб берилганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб дастуридаги асосий йўналишлари, ундаги ғоя ва ташаббусларнинг мазмун-моҳиятини сайловчиларга тушунтириб берди.

Хусусан, номзоднинг Сайловолди дастурида бозор иқтисодиётининг самарали амал қилиши учун етарли иқтисодий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, рақобатни ҳимоя қилиш баробарида инфляция ва ишсизликни камайтириш давлатнинг муҳим вазифаси бўлиши кераклиги илгари сурилмоқда.

Дастурда иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш учун қатор таклифлар келтирилган. Хусусан, номзод иқтисодиётда давлатнинг фаол роли ва иштироки сақлаб қолиниши кераклигига эътибор беради. Чунки жамиятимизда бозор муносабатларини тартибга солиш ва ижтимоий тенгликни таъминлаш жараёни давлат иштирокисиз бўлмаслиги кундай равшан.

Шунингдек, дастурдаги давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини кучайтириш ғояси конституциявий қоидалар асосида ишлаб чиқилганлигини эътироф этиш лозим.

Бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётда давлатнинг асосий тартибга солувчанлик роли бугунги кунда муҳим. Бироқ, эркин бозор муносабатлари тарафдорлари инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодий фаолиятга эркинлик бериш, валюта ва нарх сиёсатини янада эркинлаштириш, хусусийлаштириш ва иқтисодиётда давлатнинг ролини қисқартиришга ҳаракат қилади.

Иқтисодиётни либераллаштириш ва эркин бозор муносабатлари ҳар доим ҳам жамиятни ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш кафолатини бермайди. Чунки эркин бозор қонунлари кези келганда инсонпарварлик тамойилларидан четга чиқиб, ижтимоий тафовутлар ҳамда тенгсизликнинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Қолаверса, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган юқори қўшимча қийматга эга товарлар билан тўлдириш барқарор иқтисодий ривожланишнинг асосий омилларидан бири эканини назарда тутган ҳолда, номзод ишни қуйидан бошлашни таклиф этди. Яъни, маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурларни шакллантириш лозимлиги, мазкур дастурлар ҳудудларда иш ўринлари ташкил этишга доир давлат буюртмалари ҳамда ўрта махсус, олий маълумотли мутахассисларни тайёрлаш дастурларига мувофиқ бўлиши кераклиги қайд этилди.

Учрашув самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини ҳам билдиришди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилишди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш