Ўзбекистонда бюджет ташкилотлари ходимларига айрим тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилади

 

2020 йил учун Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинди

Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш ва харажатларини мақбуллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг:

бюджет ташкилотларида (тиббиёт, тиббий-ижтимоий муассасалари, меҳрибонлик уйларидан ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг 1-3 разрядлари қўлланиладиган ходимлардан ташқари) ишлайдиган ходимларга 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига кадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланишини тўхтатиб туриш;

Республика бюджетида ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурида кўзда тутилган харажатларни мақбуллаштириш;

 

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бюджетлари харажатларини мақбуллаштириш;

 

Республика бюджетининг 2020 йил II чораги учун режалаштирилган харажатларни 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди.

 

 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашларига иқтисод килинган маблағларни маҳаллий бюджетларнинг даромаддар прогнозининг бажарилмаган қисмини қоплашга йўналтириш тавсия қилинди.

 

Молия вазирлиги тегишли вазирлик, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда барча бюджет ташкилотларида (тиббиёт ва тиббий-ижтимоий муассасалари ҳамда меҳрибонлик уйларидан ташқари):

асосий воситаларни харид қилиш ва капитал таъмирлаш билан боғлиқ харажатларни жорий йилнинг 1 июлига қадар тўхтатиш (молиялаштириш бошланган чора-тадбирлар бундан мустасно) ва ушбу мақсадлар учун II чоракда режалаштирилган маблағларни қисқартириш ёки 2020 йилнинг иккинчи ярим йиллигига ўтказиш;

коммунал хизматлар, озиқ-овқат, қоғоз ва бошқа канцелярия товарлари харид қилиш, тадбирлар ўтказиш, жорий таъмирлаш ва бошқа харажатларни қисқартириш;

Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилаётган қурилиш-монтаж ишларини молиялаштириш ҳажмини жорий йилнинг II чорагида 3,0 трлн сўмдан оширмаслик бўйича амалий чораларни кўради.

Иқтисодий тарақкиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мақбуллаштирилган маблағлар ҳисобига 2020 йилда Ўзбекистон ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан чиқариладиган лойиҳаларнинг манзилли рўйхатини шакллантириб, уч кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идоралар икки ҳафта муддатда уларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар хисобидан жамланадиган бюджетдан ташкари жамғармалари ҳисобида жорий йил 16 апрель ҳолатига мавжуд қолдиқ маблағлари, шу жумладан, тижорат банкларидаги депозит ҳисоб-рақамидаги миллий ва хорижий валютадаги қолдиқ маблағларининг 50 фоизини республика бюджетига ўтказади хамда ижроси юзасидан 2020 йилнинг 5 майига қадар Вазирлар Маҳкамасига ахборот беради.

Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоровга 2020 йилнинг 1 майидан бошлаб жамғармаларга солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар ва жарималар ҳисобидан тушадиган тушумдан (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатларини чегирган ҳолда) республика бюджетига 50 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда ажратма белгилаш ваколати берилди.

Давлат активларини бошқариш агентлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган акциядорлик жамиятларининг - йирик корхонапарнинг кузатув кенгашлари таркибини қайта кўриб чиқади ва уларнинг таркибига Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қискартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги вакилларини киритиш чораларини кўради. 

 

www.kun.uz

← Рўйхатга қайтиш