Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази маълумотига кўра, 2019/2020 ўқув йилида мамлакатимиз бўйича жами 60 олий таълим муассасаси ва уларнинг 30 филиалига ўқишга кириш учун 1 миллион 66 мингдан зиёд талабгор бўлган. Уларнинг 718 минг 97 нафари кундузги таълим шаклига, 13 минг 821 нафари кечки таълим шаклига, 335 мингдан зиёди сиртқи таълим шаклига ҳужжат топшириб, ўз билим даражасини синаб кўрди. Баъзи тест синовлари ҳали ҳам давом этмоқда.
Ғалвир сувдан кўтарилди, юқори баллга эга бўлганлар, тўлов-контракт асосида талаба бўлганлар хурсанд. Ўтолмаганлар ҳеч кимдан хафа эмас, тест синовларидаги шаффофлик ёшларнинг билими холис баҳоланганини кўрсатди. Синовлардан ўтолмаганларда янада яхши тайёргарлик кўриб, келгуси йилда орзусига етиш имконияти бор.
Фарзандлари олий ўқув юртига кирган ота-оналарнинг қувончи чексиз, талаба бўлган ёшлар ўзини қўярга жой тополмайди.
– Фарзандим Ҳусанжон Халқаро Вестминстер университетига ҳужжат топширган эди. Тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумотни тест синови ўтказилган куннинг эртасига олдик, – дейди Самарқанд туманилик тадбиркор Нарзулло Маматқулов. – Унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани белгиланган тартиб бўйича тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинар экан. Онаси, ўғлим, қизим, ҳаммамиз ана шу жавобни ҳаяжонланиб, орзиқиб кутдик. Бир ҳафта гўё бир асрдай туюлиб кетди назаримда.
– Вестминстер университетида биринчи имтиҳонда инглиз тилидан IЕLTS сертификати талаб этилади, — дейди Ҳусанжон. – Бу сертификат ўқувчининг инглиз тилидан билим даражасини белгилаб беради. Унда энг юқори балл 9 бўладиган бўлса, мен 8 балл олдим. Иккинчи имтиҳон эса математикадан бўлди. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтдим ва шартнома асосида талабаликка қабул қилиндим. Фақатгина математикадан бироз қийин саволлар тушди. Агар яна иккита масалани тўлиқ ечганимда грант асосида ўқишга кирардим.
Ўқишимизнинг биринчи йилида талабалар йўналишларга бўлинмайди. Иккинчи курсдан ҳар бир талаба ўз хохишига қараб факультетни танлайди. Бундан ташқари, мен Тошкент Молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетига ҳам ҳужжатларимни топширган эдим. Уларнинг биринчи имтиҳонларида юқори балл олдим. Лекин Вестминстерда қоладиган бўлдим.
– Ҳусанжон боғча ёшидалигида 100 та шеър ёдлаганди. Шунда унинг ўқишга бўлган қизиқишини эътиборга олиб математика ва физика фанига ихтисослаштирилган давлат унитар мактабига олиб бордим. У ерда турли танловларда, олимпиадаларда қатнашди. Мактабни қизил диплом билан тамомлади. Кейин банк коллежида ўқиди.
Қариндошлар тўй қилади, туғилган кун ёки бошқа тадбирлар бўлади, бормасдан фақат дарс қиларди. Онаси болам юр кетдик, бир кун дарсинг қолса ҳеч нарса қилмайди, деса, йўқ, дарсимда узилиш бўлмаслиги керак, дерди.
Биз топган пулимизни ўғлимни ўқиши учун сарфлаяпмиз. Унга ортиқча нарса олиб бермадик, дабдабадан қочдик. Ўйлайманки, ота-оналар пулни тўғри сарфлаши керак.
Айтишларича, агар талаба яхши ўқиса, шартномадаги тўловдан 5 миллион сўм чегирма қилишар экан. Ўғлим шу имтиёздан фойдаланишга ҳаракат қиламан, деяпти.
– Вестминстерни тугатгандан сўнг магистратурада АҚШ ёки Англияга бориб ўқимоқчиман. Иложи бўлса Ҳарвард университетига кираман, – дейди Ҳусанжон. Келажакда иқтисодиёт ёки туризм йўналишидан биридан кетмоқчиман. Ниятим – дунёдаги энг зўр университетларда ўқиб, яхши малакага эга бўлиш.
Астойдил интилган албатта, ниятига етади. Ҳусанжон ҳам орзуларига етишига ишончимиз комил.
Нуруллоҳ ДОСТОН,
«Ўзбекистон овози» мухбири,
Баҳодир ҲАМРОҚУЛОВ, журналист.