Сифатли бошқарув ва стратегик натижалар
Сифатли бошқарув ва стратегик натижалар

 

Давлат бошқарувида очиқликни таъминлаш давлат идораларининг халқимиз олдидаги ҳисобдорлигини кучайтиришда энг муҳим тамойиллардан биридир. Кейинги йилларда бу борада тизимли ислоҳотлар, институционал янгиланишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Президенти “Сифатли давлат бошқаруви” дастури доирасида пойтахтимизда ўтказилган тақдирлаш маросимида қайд этганидек, ҳар бир фуқаро кундалик ҳаётида ҳис қилаётган ижобий ўзгаришлар орқали давлат фаолиятига баҳо беради. Шу боис, бошқарув идоралари одамларнинг муаммоларини ўз вақтида ва тизимли ҳал этиши зарур.

Давлат бошқаруви самарадорлигини кучайтириш бўйича изчил халқаро ҳамкорлик асосида дунёдаги илғор тажрибалар юртимизда жорий қилинмоқда. Бирлашган Араб Амирликлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Сифатли давлат бошқаруви” дастури шундай фаолиятнинг бир амалий натижаси сифатида баҳоланди.

Энг асосий жиҳатлардан бири, ислоҳотларнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Норматив ҳуқуқий ҳужжатларда очиқлик ва ҳисобдорлик тамойиллари қатъий белгилаб қўйилаётгани, шунингдек, халқаро ва хорижий тажрибаларга мувофиқ миллий қонунчилик доимий ривожланишда экани давлат бошқарувининг янада тизимли бўлишига хизмат қилмоқда.

Тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишда, маъмурий буйруқбозликка суянадиган эскича бошқарувга тўлиқ чек қўйишда, аҳолининг давлат тизимига ишончини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади. Шу нуқтаи назардан ҳам сифатли давлат бошқаруви билан халқчил қонун ижодкорлиги бир-бирига узвий боғлиқдир.

Ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, рақамли технологиялар ривожланиши давлат бошқарувида қарорлар қабул қилиш жараёнларига ҳам талабларни оширмоқда. Шунинг учун илғор замонавий бошқарув тенденцияларини яхши ўзлаштирган кадрларнинг ёш авлодини шакллантириш долзарб вазифа саналади.

Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолият юритаётгани, Миллий кадрлар захираси шакллантирилаётгани, давлат хизматига қабул қилиш очиқ танловлар орқали йўлга қўйилаётгани давлат бошқаруви идораларига хорижда ўқиб келган, шиддатли тараққиёт талабларига мос фикрлаб, иш юрита оладиган ёшларни жалб этишда самарали платформалар жорий қилинаётганини англатади.

Албатта, бошқарув самарадорлиги ҳақида гапирганда, номарказлаштириш сиёсатини ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳудудлардаги кундалик ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати марказдан жойлардаги идораларга ўтказилиши аҳолини ўйлантираётган муаммоларнинг жойида, самарали ва қисқа муддатларда ечим топишига асос бўлмоқда.

Ислоҳотлар тақдири ҳудудларда ҳал бўлади, деган ғоядан келиб чиқиб, маъмурий ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий хусусиятларига мос бошқарув шакллари жорий этилаётгани ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, энг аввало, стратегик натижаларга, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилганини алоҳида қайд этиш зарур.

“Сифатли давлат бошқаруви” дастури давлат идораларида натижадорликка қаратилган фаолиятни чуқур ва холис таҳлил қилиш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Дастур янада очиқ ва талабчан бўлиши, самарадорлик ва хизмат сифати бўйича ортда қолаётган ташкилотлар ҳам очиқ айтилиши билдирилди.

Бу каби кенг қамровли дастурлар, давлат бошқарувида сифатга интилиш ҳукуматнинг, вазирлик-идораларнинг халқимиз олдидадаги масъулиятини оширади, стратегик мақсадларга эришиш йўлида талабчанликни янада кучайтиради. Халқ демократик партияси натижадорлик ва ҳисобдорликка асосланган бундай ёндашувни қўллаб-қувватлайди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш