Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари ҳудудларга чиқиб ёшлар билан очиқ мулоқотлар, учрашувлар ташкил этмоқда.
Жумладан, фракциямиз аъзоси Улуғбек Шерматов ҳамда Қизилгул Қосимова Тошкент вилоятида, Дилбар Мамаджонова Фарғона вилоятида, Зуҳра Шодиева эса Сирдарё вилоятида бўлиб, ҳудуд ёшлари билан мулоқотлар ўтказишди.
Мулоқотларда ёшларга бугунги кунда мамлакатимизда яратилаётган имкониятлар, уларнинг кўлами, амалга оширилаётган ишларнинг ёшлар ҳаётига таъсири ҳақида суҳбатлашилди.
Учрашувларда шунингдек, Бош қомусимизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, таълим олиш кафолатлари, ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш ҳамда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш масалалари муҳокама қилиниб, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатлари, парламент фаолияти, давлат ва жамият бошқарувидаги иштироки юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди.