«ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ» БОШ МУҲАРРИРИГА АРИЗА
«ЎЗБЕКИСТОН ОВОЗИ» БОШ МУҲАРРИРИГА АРИЗА

«Ҳурматли Бош муҳаррир, яқинда Ўзбекистон телеканалининг маънавият ва маърифат масалаларига бағишланган «Муносабат» кўрсатувини катта қизиқиш билан кузатдим.

Афсуски, унда маънавият ва маърифатнинг энг муҳим омилларидан бири матбуот мутолааси ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтилмади. Газета ва журналларда маънавият, маърифат масалалари кейинги пайтда кўп ва хўп ёритилмоқда. Лекин матбуот тарқатишга эътибор сусайиб кетаётганга ўхшайди.

Масалан, мен ўзим Бухоро вилояти ҳокими Олот туманида ўтказган сайёр қабулда матбуот дўконлари масаласини ҳам кўтарган эдим. Хусусан, матбуот дўконларига республика миқёсидаги газета-журналлар келмаётганини айтгандим. Ўшанда тегишли мутасаддиларга бу муаммоларни ҳал қилишга топшириқлар берилган эди. Бироқ аҳвол ҳанузгача ўзгармади. Ҳамманинг ҳам ойлик маоши обуна бўлишга имкон бермаслиги мумкин.

Баъзида янгиликларни интернетдан ўқиса ҳам бўлади, деб газета-журналларга эътиборсиз қараб айтилаётган гаплар қулоққа чалиниб қолади. Интернет ҳар қанча ривожланмасин, матбуот бу — тарбия, маънавият, мафкура-ку. Матбуотнинг ўрни бўлакча.

Бир пайтлар ҳатто Москвада чоп этиладиган газеталар ҳам ўша куннинг ўзида матбуот дўконларига етиб келарди. Бугун почта ёки матбуот тарқатувчи ташкилотлар нега суст ишлаяпти?

Менимча, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ва бошқа масъул ташкилотлар ҳукумат олдига матбуот тарқатиш тизимини қайта кўриб чиқиш масаласини қатъий қилиб қўйиши керак.

Сизга самимий ҳурмат билан Бешимов Лазиз. Бухоро вилояти, Олот тумани, Эски бозор кўчаси, 19-уй.

Бухоро вилоят насос станциялари энергетика бошқармаси Олот участкаси электротехника лабораторияси чилангари».

Таҳририятдан: Тўғриси, вилоятлар марказларидан узоқроқдаги туманлардаги матбуот дўконлари камлиги ёки борлари ҳам доим ишламаслиги, уларнинг аксариятида ижтимоий-сиёсий газеталар йўқлиги тўғрисида эътирозларни биринчи марта эшитаётганимиз йўқ. Бу масала ҳақида Республика матбуот тарқатувчи идораси раҳбарлари билан кўп фикрлашгандик. Аммо бу тизим такомиллашиши ўрнига ҳолдан тойиб бўлди. Кейинги тўрт-беш йилда бу идора раҳбари бир неча бор алмаштирилди. Кўпчилик ҳамкасблар яхши билади. Бу идорани узоқ йил бошқарган, катта тажрибага эга Рустам Қосимов деган киши ишдан олингач, «Матбуот тарқатувчи» идораси ҳар томонлама инқирозга юз тутди. Янги келганлар муаммоларга ечим тополмай, ҳаётий таклифлар билдирмади, бу ташкилот фаолиятини мувофиқлаштирувчи механизм яратилмади. Бозор иқтисодиёти баҳонасида вилоятлардаги матбуот тарқатиш ташкилотлари ўзига ўзи хўжайин бўлиб кетди. Улар орасида шартнома асосида йил бўйи таҳририятлар газеталарини олиб, аммо пулини тўламай келаётганлари бор. «Матбуот тарқатувчи»нинг вилоят бўлимлари устидан судга, прокуратурага мурожаат қилган таҳририятлар оз эмас. Афсуски, бу тизимни тартибга соладиган, ривожлантирадиган вақт аллақачон келган. Матбуот дўконларида газета-журналлар нега йўқлиги сўралса, турли баҳоналарни рўкач қилишади. Ваҳоланки, ҳар бир туманда ижтимоий-сиёсий газета ва журналларни оладиган озми, кўпми одам топилади. Чунки ҳамма туманда ҳам давлат идоралари ходимлари, депутатлар, ўқитувчилар, ижодкорлар, адабиёт, санъат, спорт мухлислари бор, сиёсатга қизиқадиганлар бор.

Бугунги газета ва журналлар бундан беш-олти йил аввалги нашрлардан кескин фарқ қилади. Танқидий мақолалар сезиларли даражада кўпаймоқда, турли соҳалардаги муаммолар ҳақида очиқ фикрлар айтилмоқда. Баҳс-мунозаралар кучаймоқда. Афсуски, матбуот тарқатиш ташкилотлари фаолияти бугунги талабга жавоб бермаяпти, дейишга асос етарли. Бу ҳолатни кўриб-билиб туриб сукут сақлаб ўтирсак, кўп нарса йўқотамиз, аниқроғи, жамиятга хиёнат қилган бўламиз.

← Рўйхатга қайтиш