Президент Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Етук сиёсат ва жамоат арбоби Ислом Каримов 2016 йил 2 сентябрь куни вафот этган эди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қарорига кўра, бу сана ҳар йили Хотира куни сифатида нишонланмоқда.
Шуни алоҳида таъкидламоқ жоизки, юртимиз мустақилликка эришиши ва тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритишида Биринчи Президентимизнинг беназир қатъияти, улкан азму шижоати ва беқиёс жасорати муҳим аҳамият касб этган эди.
Биринчи Президентимизнинг мамлакатимизни ҳозирги ривожланиш даражасига кўтариш йўлидаги улкан хизматларини халқимиз доимо ёдда тутади ва унинг номини ҳамиша алоҳида ардоқ ва мамнуният билан тилга олади.
Шавкат Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек, Ислом Каримовнинг хотирасини қанчалик кўп эъзозласак, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг маънавиятини шунчалик бойитган бўламиз.
Ушбу маросим ҳам Ислом Каримов хотирасига давлатимиз ва жамоатчилигимиз ҳурмат-эҳтиромининг яна бир ифодаси бўлмоқда.
Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди. Биринчи Президентимизнинг ҳаёт йўли ва серқирра фаолияти, орзу-истаклари, давлат ва жамият қурилиши борасидаги эзгу мақсадлари, мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлидаги буюк хизматлари ёдга олинди.
Гул қўйиш маросимида парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
ЎзА