ҲАҚИҚАТ ЭГИЛАДИ, БУКИЛАДИ, АММО СИНМАЙДИ

«Ўзбекистон овози» газетасининг 2019 йил 13 август сонида Тоштемир Худойқуловнинг «Тадбиркор ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилаяпти, Наманган шаҳар ҳокимлиги нимани истайди?» сарлавҳали ҳамда Нуруллоҳ Достоннинг «Мақолани ўқидингизми?..» сарлавҳали мақоласини ўқиб чиқиб, ҳақиқат бор экан-ку, дея тўлқинланиб кетдим. Бунга сабаб Президентимизнинг инсонпарвар сиёсатини қўллаб-қувватловчи ижодкорларнинг борлигидан хурсанд бўлдим. Мен Президентимизнинг ҳар бир нутқини кузатиб бораман, халқимиз бугун яхши яшаши кераклигини қайта-қайта таъкидлаётганидан ҳаммамиз хабардормиз ва бу фикрни қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, жойлардаги раҳбарларга халқни рози қилиш, уларнинг муаммосини жойида ҳал этиш лозимлигини доимо уқтириб келади. Аммо баъзи раҳбарлар менинг айтганим бўлади, деб кўнгли тусаган ишни қилаётганини кўриб, билиб турибмиз.

Биринчи мақолада келтирилишича, Наманган шаҳар ҳокимлиги тадбиркорнинг қонуний ҳаққини тан олгиси келмасдан, йўқ жойдан муаммо яратмоқда. Иккинчи мақолада эса бир ёлғиз аёлнинг уй-жойи ноқонуний қурилган деб, бузиб ташланганига Андижон вилоят ҳокимлиги бефарқ қараб келаётганига муносабат билдирилган. Мени жуда хурсанд этган жиҳати таҳририят журналистлари бу ёлғиз аёлни ҳимоя қилиб учинчи бор мақола бергани бўлди.

Ўйланиб қоласан, журналистлар учинчи бор мақола эълон қилмоқда, туман ҳамда вилоят раҳбарлари эса бир ёлғиз аёлнинг муаммосини ҳал этиб беришни унчалик исташмаётганга ўхшайди. Президентимиз инсон ҳақ-ҳуқуқи ва унинг манфаати ҳар нарсадан устун туришини катта-катта минбарлардан туриб гапирмоқда. Бунинг ижросини таъминлашда жойлардаги раҳбарлар сусткашликка йўл қўяётгани ачинарли ҳолдир. Бугун журналистлар жойлардаги камчиликларни рўй-рост матбуотга олиб чиқмоқда. Бу билан қанчалаб ноҳақликка учраётган одамларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилинмоқда. Аммо масъул амалдорлар муаммонинг ечими топилишига тўсқинлик қилаётгандек, назаримда.

Биз бугун коррупцияга қарши курашишга жиддий киришганимизни ҳамма жойда эълон қилмоқдамиз. Аммо бунга мансабдорлар қанчалик даражада амал қилмоқда? Бу икки мақолада кўтарилган масалалар нимага ўзининг ижобий ечимини топиши қийинлашмоқда. Балким, бунга ҳам коррупция ёки таниш-билишчилик аралашаётгандир?..

Зотан, бу коррупция деган иллат ҳар қандай давлатнинг ички душмани ҳисобланади. Ҳаттоки, ташқи душмандан ҳам даҳшатлироқ қудратга эгадир. Уларга қарши курашиш учун бутун матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари биргалашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ўзларининг таҳлилий, танқидий мақолалари билан курашишлари лозимга ўхшайди. Мен бугун ушбу икки мақолани «Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди», деб бекорга номламадим, бугун бўлмаса, эртага албатта ҳақиқат қарор топишига ишонганим учун шундай номладим.

Ҳар ҳолда, бизни яратган Аллоҳ таоло бундай ноҳақликларни кўриб, билиб турибди. Шу сабабли ҳар ким ўз мансабидан фойдаланиб, ноҳақликларга йўл қўяётган бўлса, бунинг жазоси муқаррардир.

Бир сўз билан айтганда, «Ўзбекистон овози» газетасининг мухбирлари жойлардаги камчиликларни рўй-рост ёритаётганидан мамнун бўлдим. Камчиликларни ошкор қилишдан мақсад уларни бартараф этиш, одамларнинг оғирини енгил қилишдир. Амалдорлар буни тўғри тушунишса, нур устига нур бўларди.

 

Ҳақназар АБДУРАҲМОНОВ,

пенсионер.

www.uzbekistonovozi.uz

← Рўйхатга қайтиш