Ҳар гал бирор мақолага қўл уришдан олдин танланган мавзу ҳақида изланаман, янги сўз топишга ҳаракат қиламан. Лекин бу сафар кўп марта айтилаётган, қайта-қайта таъкидланаётган масалага тўхталмоқчиман. Кўринмас душман қаршисида инсоният ҳамон ожиз қоляпти. Атрофимизда содир бўлаётган воқеалар, яқингинамиздаги даҳшатлардан негадир ҳали-ҳамон хулоса чиқариб ололмаётганимиз ачинарли.
Юртимизда COVID-19 инфекцияси илк бор тасдиқланганига мана 6 ойдан ошди. Ўтган кунлар давомида биз билган ва билмаган кўплаб инсонларни ҳаётдан олиб кетган вирус орамизда борлигига ҳануз шубҳа билан қарайдиганлар оз эмас. Давлат раҳбари, мутахассислар, тиббиёт олимлари, ижро ҳокимияти аҳоли ҳаётини асраб қолиш, иқтисодий аҳволни яхшилаш, инқироздан энг кам талафот билан чиқиб олиши учун жон-жаҳди билан курашаётган бир пайтда биз — одамлар нималар билан овора бўлаяпмиз? Пандемик вазият сабаб ўрнатилган карантин талабларига беписандлик билан қараш, жорий этилаётган енгилликларни нотўғри талқин қилиш, хасталикни менсимасликнинг аянчли оқибатлари ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўраяпмизми?
Яқинда бир узоқроқ қариндошим 60 ёшга тўлди. Бу шунчаки рақам эмас. Унинг ортида не-не бедор тунлар, ҳасрату ташвишлар, оқарган сочлар, юзларда эса йиллар сурони солган излар бор, албатта. Аммо бугунги шароитдан келиб чиқиб, бу қутлуғ ёшни оилавий дастурхон атрофида нишонлаш, Яратганга шукроналик айтиш ўрнига дабдабали юбилейни истаган юрак бугун уришдан тўхтаганига сиз ишонмассиз, лекин бу аччиқ ҳақиқат.
Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия қарорига кўра, мажбурият, зарурат юзасидан никоҳ тўйи ёки аъза маросимлари ўтказилишига рухсат берилгани барчага маълум. Туғилган кун, гап-гаштаклар, мақсадсиз банкетлар ташкил этиш кўра-била туриб ўзини ўтга отиш билан баробар. Минг афсуски, шундай ҳоллар бўляпти.
Воқеани қисқача баён қилсам. Дугоналари, қариндош-уруғларини 60 ёшини нишонлаш маросимига таклиф қилган аёлнинг қувончи узоққа бормади. Меҳмонлар орасида тождор вирус билан касал бўлгани ҳамда 3 кундан буён ўзини яхши ҳис қилмаётганини айтган аёлнинг гапи ҳеч кимнинг диққатини тортмади. Ўйин-кулгу авжига чиққан пайтда на карантин талаблари, на санитария қоидалари эсга келди. Қарабсизки, орадан уч кун ўтиб, юбилей нишонлаган аёлнинг қўшниси COVID-19нинг ўткир кўриниши билан ҳаётдан кўз юмди.
Шунда ҳам тантанани ўтказган аёл шифокор кўригидан ўтиш ҳақида ўйлаб кўрмади. 60 ёшни нишонлаган аёл ҳамда унинг меҳмонга келган қудасида ҳам вирус аломатлари пайдо бўлди. Иситма, бош ва танадаги оғриқ, ҳолсизлик, нафас олиш билан боғлиқ муаммолар аста-секин авж ола бошлади. Биз исмини ҳамда манзилини сир тутишни истаган инсон юбилейдан сўнг 21 кун ўтгач, бу ёруғ оламни тарк этди. Бунинг устига, дафн маросимида иштирок этган аёлнинг туғишган укаси ҳам кўп ўтмай айнан шу кўринмас душман домига тушиб, оламдан ўтди. Бу вақт оралиғида маросимга келган бир қанча одамда касалликнинг турли даражадаги ҳолатлари кузатилди.
Куни кеча марҳуманинг қудаси билан гаплашдим. Ҳол-аҳвол сўрадим. Унинг айтишича, қудаси табиатан ғайратли, шижоатли бўлган. Унинг ўлими 3 нафар паҳлавондек ўғилларни эсанкиратиб қўйган. Ота-онасидан кейин уларга тиргак бўлар, деб кутилган тоғаси ҳам вафот этганини алам-афсус билан айтди.
Телефон орқали бир неча дақиқа давом этган суҳбатимиз соатлаб чўзилгандек туюлди. Бу воқеа мен учун ҳам яна бир сабоқ вазифасини ўтади. Ўтган ҳафтада тўйига таклиф қилган танишимга узримни билдиришга қарор қилдим. Тинчлик ва соғлик бўлса, тўй-тантана, базму зиёфатлар ҳали кўп ва хўб давом этаверади. Фақат мураккаб вазиятда ўзимиз ҳамда атрофдагилар ҳаётини хатарга қўймайлик. Тўй-у томоша, туғилган кун, гап-гаштаклар, меҳмондорчиликлардан бугун ўзимизни тийиб турсак, нафақат саломатлигимизни, балки ҳаётимизни ҳам асраган бўламиз.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА