Иқтисодиёт тармоқларидаги яширин айланма даражасини кескин пасайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Ушбу фармон билан:
1. Бизнеснинг "соядан" чиқишини рағбатлантириш, солиқ режимини соддалаштириш ҳамда нақдсиз тўловларни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратилмоқда.
Хусусан:
1) умумий овқатланиш соҳасидаги кичик тадбиркорлик субъектларининг банк карталари ва контактсиз тўловлардан фойдаланган ҳолда жисмоний шахслардан олинган даромадлари умум белгиланган солиқларни тўлашга мажбурий тартибда ўтиш мақсадида умумий даромадга киритилмайди. Ушбу чора пластик картадалардан чекловларсиз тўлов қабул қилиш ҳисобидан тушумни кўпайтириш ҳамда нақд шаклда олинган суммаларни акс эттириш имконини беради.
2) Аввал қабул қилинган қарорга мувофиқ 2021 йил 1 январдан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсатнома олиш талаби бекор қилинган. Лекин кўрсатилаётган хизматлардан олинадиган даромадни қонуний айланмага жалб қилиш учун айланмадан олинадиган солиқ ставкасини 25 фоиздан 13 фоизгача пасайтирилади
3) Тошкент шаҳрида ўтказилаётган онлайн касса машиналарининг чекларида акс эттирилган QR коди асосида совринли ўйинларни ўтказиш эксперименти 2020 йилда барча ҳудудларда амалга оширилади.
Бугунги кунга қадар Тошкент шаҳрида 9 ойда 3,3 триллион сўмлик 16,3 миллионта чек, вилоятларда эса 6,3 триллион сўмлик 22,7 миллионта чек чиқарилган. Совринли ўйинларнинг вилоятларда жорий этилиши онлайн касса машиналарига ўтиш жараёнини тезлаштиради.
Совринли ўйинларга 1 миллиард сўм ажратилган бўлиб, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 524 миллион сўмлик совринлар ўйналди;
2. Қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бизнес юритишдаги жорий амалиётга мослаштирилади, жумладан:
қурилиш корхоналарига ишчиларни уларга иш ҳақини нақд пулда тўлаш (меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 10 фоизидан ошмаган ҳолда) ҳуқуқи билан ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини сақлаб қолган ҳолда шартнома тузмасдан ёллашга муддатли равишда рухсат берилади
3. Солиқ ва божхона маъмуриятчилиги воситалари ҳисоб ва тушумларнинг тўлиқлигига, шу жумладан солиқлардан бўйин товлаган жисмоний ва юридик шахсларни аниқлаш ва жавобгарликка тортишга қаратилади. Бу қуйидагилар орқали амалга оширилади:
1) тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли органни хабардор қилган ҳолда ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари натижаларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш тартибини жорий қилиш.
Ушбу чора солиқ органларининг сайёр солиқ текширувлари доирасидаги ҳаракатларига фуқароларнинг ишончини ошириш, шунингдек, солиқ органлари суиистеъмоллик ҳолатларига йўл қўйишларининг олдини олишга хизмат қилади;
2) Солиқ органларининг маълумотларини қайта ишлаш марказини замонавий сервер ускуналари ва тегишли дастурий таъминот билан таъминлашни тезлаштириш ва бирламчи қўшимча жиҳозлаш мақсадида 100 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Солиқ ислоҳоти натижасида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ресурс солиқларини тўловчи шахслар сони ўртача 15 баробар кўпайди.
Халқаро экспертларнинг фикрича, ваколатли органларнинг тайёргарлиги ва иқтисодиётдаги яширин улушнинг қисқариши ўртасида бевосита алоқа бор. Масалан, IT даражаси юқори бўлган мамлакатларда яширин иқтисодиёт улуши паст.
4. Яширин иқтисодиётга таъсир қилувчи омил сифатида коррупцияни қисқартириш.
1) Халқ таълими вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятлари тизимида коррупцияга қарши курашиш чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган коррупцияга қарши курашиш бўйича самарали ички назорат (комплаенс-назорат) тизимини жорий қилиш.
2) Марказлашган молиялаштириш манбалари ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини мажбурий ўтказиш тартиби тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш.
3) Давлат органларида, шу жумладан ҳудудларда коррупция даражасини рейтинг баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш, шунингдек, рейтинг натижаларини даврий эълон қилиш ҳамда раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини баҳолаш тизимини жорий қилиш.
Ушбу рейтинг давлат органлари фаолиятида коррупция кўринишлари мавжудлиги хатарини таҳлил қилиш асосида коррупцияга энг мойил бўлган идоралар мониторингини амалга ошириш имконини беради. Шунингдек, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини баҳолаш ва эълон қилиш уларнинг масъулиятини оширади.
5. Турли вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича ўзаро мувофиқлашган фаолиятини таъминлаш.
Яширин иқтисодиётга қарши курашиш “кўп векторли” тусга эга экани ҳамда кўплаб вазирлик ва идораларнинг иштирокини тақозо этишини ҳисобга олиб, Махсус комиссия ташкил этилади ва унинг ичи органи сифатида Молия вазирлиги белгиланади.
Шу билан бир қаторда, яширин иқтисодиётга қарши кураш бевосита жойларда амалга оширилишини ҳисобга олиб, ҳудудлар ҳокимлари бошчилигидаги ҳудудий комиссиялар тузилмоқда, уларнинг аниқ аниқ вазифа ва функциялари белгиланади.
Махсус комиссиясига Жаҳон банки ва бошқа халқаро институтлар билан ҳамкорликда Яширин иқтисодиётнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш стратегиясини, Марказий банкка эса нақдсиз ҳисоб-китоб тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш юклатилди.
6. Очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, яширин иқтисодиётга қарши курашишга кенг жамоатчиликни, нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш, жамиятда яширин иқтисодиётга муросасизлик ҳиссини шакллантириш, легал бизнес юритишнинг нуфузини ошириш.
Халқаро экспертларнинг фикрича, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бу борадаги муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан тадбиркорлар ва аҳолини қонуний бизнеснинг нуфузини оширишга жалб қилиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланадиган шахсларга нисбатан муросасизликни тарғиб қилиш бўйича "медиа-режа" ишлаб чиқилади.
Фармон ижроси қуйидаги тартибда ташкил этилади:
– Яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича Махсус комиссия ва ҳудудий комиссиялар тузилади, кўрсатилган чоралар ижросининг бориши йиғилишларда ҳар ҳафта кўриб чиқилади;
– вазирлик ва идораларнинг яширин иқтисодиётга қарши курашишдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “йўл харитаси”да назарда тутилган чораларни сўзсиз бажариш;
– яширин иқтисодиётга қарши курашишда иштирок этаётган вазирлиги ва идоралар ўртасида турли даражадарда яқиндан ҳамкорликни (чора кўриш, ахборот алмашиш ва бошқалар) йўлга қўйилади;
– Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Ҳисоб палатаси раҳбарлари ҳудудларга чиқиб, ҳудудий комиссияларнинг самарали фаолиятини ташкил этади.