22 нафар масъулга нисбатан иш очилди

 

Сергели туманида кузатилаётган бадбўй ҳид бўйича 22 нафар мансабдорга нисбатан “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий ишлар қўзғатилган.

Бу ҳақда Оқова сув тозалаш иншоотлари хизмат кўрсатадиган ифлослантирувчи ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, тумандаги бадбўй ҳидни бартараф қилиш мақсадида “Тошкент шаҳар сув таъминот” МЧЖ тақдим қилган потенциал хавфли корхоналар рўйхати бўйича Бектемир ва Салар оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни ташловчи корхоналарда текширувлар президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бизнес-омбудсман рухсатига асосан ўтказилган.

Текширув натижаларига кўра, мансабдорларга қарши маъмурий иш очилган. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилган. “Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Салар оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилди. Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди”, деган Ф. Деҳқонов. Сергелида ёқимсиз ҳид тарқалиши масаласи юзасидан ўтган ой Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳам текширув ўтказган эди.

← Рўйхатга қайтиш