Ноқонуний давлат харидлари аниқланди

 

Жорий йилнинг май-июнь ойида 101,5 миллиард сўмлик давлат харидлари ноқонуний амалга оширилган. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 17 июнь куни маълум қилди. Расман билдирилишича, давлат харидларини қонунбузарликлар билан амалга оширган вилоятлар орасида Андижон биринчи ўринни эгаллаган.

Мазкур вилоятда 20 миллиард сўмлик 51 та давлат хариди ноқонуний равишда бўлгани аниқланган. Тошкент шаҳрида 19,5 млрд. сўмлик (51 та), Самарқандда 12,8 млрд. сўмлик (52 та), Жиззахда 8,3 млрд. сўмлик (20 та) танловлар бўйича давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилганлиги маълум бўлди. Қолган вилоятларда ҳам ноқонуний давлат харидлари миқдори миллиардлаб сўмларни ташкил қилади.

Давлат харидларига оид қонунчилик талаблари бузилган танловлардан 72 таси (24,6 млрд.) туман (шаҳар) ҳокимликлари, 71 таси (20,9 млрд.) Халқ таълими вазирлиги, 61 таси (17,9 млрд.) Соғлиқни сақлаш вазирлиги, 33 таси (11,1 млрд.) Мактабгача таълим вазирлиги, 24 таси (7,9 млрд.) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, 9 таси (3,6 млрд.) Сув хўжалиги вазирлиги ва қолган 54 таси (15,5 млрд.) бошқа вазирлик ва идоралар ҳисобига тўғри келади.

← Рўйхатга қайтиш