Бош дипломатлар Президентнинг Москвага сафари масаласини муҳокама қилишди

 

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов жорий йилнинг 22 июнь куни россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат чоғида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигининг томонларни қизиқтирган соҳалардаги долзарб жиҳатлари муҳокама қилинган, турли даражадаги бўлажак расмий учрашувлар жадвали кўриб чиқилган, минтақавий хавфсизлик ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Россиялик дипломатлар қайдича, мулоқот пайтида вазирлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак давлат сафарига ҳозирлик масаласини, имзолаш режаланаётган икки томонлама ҳужжатлар рўйхатини муҳокама қилишган.

Ўзбекистон президентининг Россияга сафари 2020 йилга режаланганди. Бироқ коронавирус пандемияси туфайли ташриф муддати ўзгарган.

Сешанба куни Москвада Ўзбекистон ва Россия бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссия мажлисини ўтказишди. Учрашув чоғида томонлар 12 та ҳужжат имзолашган. Тадбирда бош вазир А. Арипов Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми яқинда 10 миллиард долларга етиши мумкинлигини билдирган.

← Рўйхатга қайтиш