“Янги Ўзбекистон” университети ташкил этилади

 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни “Янги Ўзбекистон” университетида таълим жараёнини ташкил этишга оид тақдимот билан танишди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур университет давлат олий таълим муассасаси шаклида ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари – нуфузли хорижий ўқув юртларининг таълим дастурлари асосида юксак касбий билим ва малакаларга эга бўлган истиқболли кадрлар тайёрлаш, талабаларнинг интеллектуал қобилиятини ривожлантириш, бунинг учун ҳар томонлама қулай муҳитни шакллантиришдан иборат.

Университетда 5 та – муҳандислик, табиий фанлар, бошқарув, агротехнологиялар ва ахборот технологиялари факультетлари бўлади. Дарслар ўзбек ва инглиз тилларида олиб борилади. Қайд этилишича, президент университетда қабул ва таълим жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини самарали йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берган.

“Университет талабалари 1-курсдан ўз соҳаси бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва илмий марказларга бириктирилиши керак. Вазирликлар, нуфузли институт ва йирик компаниялар университетнинг васийлик кенгашига кириши муҳим. Улар ўз эҳтиёжларини билдириб, таълим жараёнига интеграциялашиши, бўлғуси мутахассисга олдиндан сармоя киритиши зарур”, деган Президентимиз Шавкат Мирзиёев. Тақдимот билан танишган президент “Янги Ўзбекистон” университетини ташкил этишга оид қарорни имзолади.

← Рўйхатга қайтиш