Икки халқаро ташкилот электробуслар харид қилиш учун қарийб 4 млн доллар ажратади
Икки халқаро ташкилот электробуслар харид қилиш учун қарийб 4 млн доллар ажратади

 

Тошкент шаҳри учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармаси ҳисобидан электробуслар харид қилиш режаланмоқда. Олти йилга мўлжалланган лойиҳага мазкур икки халқаро донор ташкилот 3,9 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳани БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармасининг “Атмосферага зарарли моддаларни кам чиқарувчи автотранспорт воситаларига инвестициялар жалб қилишни жадаллаштириш” дастури доирасида амалга ошириш назарда тутилган.

Транспорт вазирлиги 30 июнь куни Лойиҳани баҳолаш қўмитасининг манфаатдор вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирокида йиғилиши бўлиб ўтгани, йиғилишда мазкур лойиҳа бўйича амалий ишларни бошлаш тўғрисида қарор қабул қилинганини маълум қилган.

“Ушбу лойиҳа Тошкент шаҳри мисолида шаҳар жамоат транспортида электротранспортдан жадал равишда фойдаланишни жорий этиш йўли билан атроф-муҳит сифатини яхшилашга йўналтирилган бўлиб, ушбу тажриба Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам жорий этилиши мумкин”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Электробуслар харид қилинганидан кейин пилот лойиҳа тариқасида Тошкентда яшил транспорт йўлагини жорий этиш кўзда тутилган.

← Рўйхатга қайтиш