Ноёб жонзотларни Москвага олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди
Ноёб жонзотларни Москвага олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс ушланди

 

Ўзбекистонлик божхоначилар Тошкент халқаро аэропортида ноёб судралиб юрувчи жонзотларни мамлакатдан ноқонуний равишда олиб чиқиб кетишга уринган шахсни ушлашди.

Давлат божхона қўмитаси маълумотига кўра, “Тошкент-Москва” рейси бўйича парвозга шайланган йўловчилардан бири “яшил йўлак” орқали ҳаракатланиш чоғида безовталаниши билан божхоначилар диққатини ўзига тортган, пировардида унга тегишли юклар кўздан кечирилган. Йўловчининг юклари орасидан тирик ҳолатда тамаки қутилари ичига жойланган тақир тўгаракбош, гекконча, калтекасак каби декларацияда маълум қилинмаган 35 бош ноёб жонзот топилган.

“Бундан ташқари, шу каби жонзотларнинг 14 таси спиртда қотирилган ҳолатда, шунингдек 16 дона калтакесак думи, 1 дона ондатра думи ва 2 бош ўлик ҳолатдаги чипор илон ҳам олиб чиқиб кетилаётгани маълум бўлди”, дейилган қўмита хабарномасида. Қайд этилишича, йўловчи жонзотларни Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмаган. Қўмита айни пайтда бу жонзотлар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилгани, ҳолат юзасидан эса текширувлар давом этаётганини билдирган.

← Рўйхатга қайтиш