Яқинда ижтимоий тармоқларда йигирма икки ёшли йигитнинг Россияда вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ўша йигит мен билан бирга катта бўлган, ён қўшним эди. Россияга кетганига икки йилдан ошганди. Яхши ниятда уй қиламан, тўй қиламан, деб бегона юртларда ишлаб юрганди. Ёлғиз онаси зор қақшаб қолди. Сочларини юлиб-юлиб йиғлади. Кўксига муштлаб-муштлаб йиғлади. Бунга ўхшаш ҳолатлар жуда кўп бўлмоқда. Неча-неча забардаст ўзбек йигитлари бевақт оламни тарк этишмоқда. Агар ўз юртида ўқиб, ишлаб юрганида бу каби аянчли ҳолатларнинг олди олинган бўларди. Мушфиқ онажонлар фарзанди доғида куйиб қолмасди. Кўзларини ёшлаб қолмасди. Бундай воқеалар давом этаверса келажак ҳақидаги хаёллар қаерда қолади?
Юртимизда бугун ўрта таълимни тугатганларнинг маълум қисми Россияга ишлаш учун кетишмоқда. Эндигина катта ҳаёт остонасини ҳатлаб ўтган боланинг эрта учирма бўлиши унинг қанотларини қайириб қўймасмикан? Бир неча йил олдин ўша юртда меҳнат қилиб, оиласини боққан одамнинг бугун ўғли ҳам четга чиқиб кетмоқда. Деярли, ўзгаришларсиз кечаётган жараёнлар қачонгача шу тахлитда давом этар экан-а?
Ўтган йили пандемия сабаб хорижда ишлайдиган ўзбек мигрантлари камайган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони яна ортди. Шу йилнинг 26 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида чет элда ишлаётган юртдошларимиз сони эълон қилинганди. Унга кўра, бугунги кунда бир миллион етти юз минг нафардан ортиқ ватандошларимиз асосан Россия ва Қозоғистонда меҳнат қилишмоқда. Мамлакатимиз аҳолисининг 55 фоиздан ортиғи ёшлардан иборатлиги ҳамда йилига меҳнат бозорига 600 мингга яқин ишчи кириб келаётгани мазкур муаммонинг нақадар муҳимлигидан далолат беради. Бу йил олий таълим муассасаларига бакалавриат босқичига 157 755 нафар, магистратура босқичига эса 12 900 нафар, филиаллар ва нодавлат олий таълим ташкилотларида давлат гранти асосида 500 нафар ёшлар ўқишга қабул қилинади. Йилига 600 мингга яқин ўқувчи мактабни битиради, квоталар сони эса 200 мингга ҳам етмайди. Аммо кейинги икки-уч йилда қабул квоталарининг сезиларли даражада ўсганлигини тан олиш керак, бироқ бу ёшларнинг учдан бирини ҳам олий таълимга қамраб олиш имконини бермаяпти. Натижада эса кўпчилик ёшлар чет элдаги ҳаёт тарзини афзал билишмоқда.
Бугун ишсиз ёшларимиз учун иш ўрни яратилди, деяётган каттаконлар, унинг даражаси ҳақида наҳотки ўйлаб кўришмайди. Овозини баланд қўйиб гапираётган мутасадди ўша ишга биронта қариндошиними ёки яқин танишиними қўярмикан? Қўймайди. Чунки бу унинг обрўсига тўғри келмайди-да. Нима керак қуруқ сафсата? У айтаётган иш ўринлари ҳақиқатда кўп айтилаётган гап бўлса, нега юртдошларимиз ҳамон чет элларда ишлаб юрибди? Мавжуд имкониятларни ҳаётга тадбиқ қиладиган вақт келмадимикан?..
Жамшид АМИРОВ.
“Ўзбекистон овози”, 14.07.2021, №27