Покистон билан стратегик ҳамкорликка оид декларация имзоланди

 

Ўзбекистон билан Покистон стратегик шериклик алоқаларини ўрнатиш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолади. Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур ҳужжатга 15 июль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунида қўл қўйилган.

Тадбир чоғида икки мамлакат вакиллари томонидан имзоланган 8 та ҳужжат алмашилган. Улар орасида Транзит ва савдо тўғрисидаги ҳамда Ишбилармон доиралар вакиллари ва сайёҳлик гуруҳлари учун виза тартибларини соддалаштириш тўғрисида ҳукуматлараро битимлар, Мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий таълим соҳасида ҳамкорлик тўғрисида протокол, 2021-2026 йилларга мўлжалланган Маданий алмашув дастури, туризм масалалари бўйича англашув меморандуми, давлат чегарасидан олиб ўтилаётган товарлар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашиш тўғрисида баённома, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети билан Покистон дипломатик хизмат академияси ўртасида англашув меморандуми, Ўзбекистон – Покистон ишбилармонлар кенгашини тузиш тўғрисидаги битим кабилар бор.

Қайд этилишича, тадбирда Ҳукуматлараро комиссия мажлиси ҳамда Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида 500 миллион долларликдан зиёд шартномалар имзоланган.

← Рўйхатга қайтиш