Меҳнат миграцияси соҳасида инсон қадрини таъминлашда муҳим янги қадамлар
Меҳнат миграцияси соҳасида инсон қадрини таъминлашда муҳим янги қадамлар

 

Бугунги дунё қатор таҳликали жараёнлар билан кечаётган, чуқур трансформация даврини бошдан кечирмоқда. Халқаро кескинлик тобора кучайиб, тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлмоқда. Бундай шароитда Ўзбекистонда “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

Давлат раҳбарининг меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилишидаги нутқи ва масъуллар олдига белгилаб берган топшириқларидан келиб чиқиб, мазкур соҳада янги босқич бошланаётганини таъкидлаш мумкин.

Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳақида сўз борганда, энг аввало, инсон капитали, сифатли касбий салоҳият ва инсон манфаатларини таъминлаш масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Президентимизнинг “Миграцияда бизга рақам эмас, сифат керак!” деб таъкидлаган сўзлари ва масъуллар олдига белгилаб берган вазифалари соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мазмунини ифода этади.

Жаҳон меҳнат бозорида малакали кадрларга талаб ортиб бораётган бир шароитда юртдошларимизни оддий ишчи кучи сифатида эмас, балки замонавий касб-ҳунарни эгаллаган, хорижий тилларни биладиган ва муносиб даромад топа оладиган мутахассислар сифатида тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга.

Германиядан 45 минг мутахассисга буюртма келгани, аммо атиги 2 минг киши ишга жойлаштирилгани мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатади. Бу эса хорижий меҳнат бозорларини чуқур ўрганиш, иш берувчилар талабини аниқлаш ва фуқароларни мақсадли тайёрлаш тизимини такомиллаштириш зарурлигини англатади. Техникумларда касб билан бирга хорижий тилларни ўргатиш, таълим муассасаларини хорижий иш берувчилар талабларига мослаштириш ва тадбиркорларни кадрлар тайёрлаш жараёнига жалб қилиш ташаббуслари муҳим аҳамиятга эга.

Йиғилишда ҳар бир ҳудудда миграция марказларини ташкил этиш, немис тилини ўрганиш имкониятларини кенгайтириш ва техникумларни йирик тадбиркорлар бошқарувига бериш бўйича белгиланган вазифалар таълимнинг амалий натижадорлигини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз давлат ҳимоясида бўлиши юзасидан белгиланган вазифалар алоҳида аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси нуқтаи назаридан “Онлайн маҳалла” платформаси орқали мурожаатларни қабул қилиш, элчихоналарнинг ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масъулиятини ошириш, хориждаги меҳнат стажини тан олиш ва пенсия ҳуқуқларини таъминлаш каби ташаббуслар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Президент томонидан элчилар, ҳокимлар, Миграция агентлиги, техникумлар ва хусусий бандлик агентликлари олдига аниқ вазифалар қўйилди. Энди асосий масала — ушбу топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашдир. Бунда парламент ва жамоатчилик томонидан ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилиш, ишга жойлаштирилган фуқароларнинг меҳнат шароитларини ўрганиш, агентликлар, элчихоналар ва ҳудудлар фаолиятининг реал ҳолатини аниқлаш, фуқароларнинг мурожаатлари ва муаммоларини тизимли таҳлил қилиш муҳимдир. Бу механизмлар соҳадаги ислоҳотларнинг қоғоздаги вазифалардан амалий натижаларга айланишини таъминлайди.

Халқ вакили сифатида ушбу йиғилишда меҳнат миграцияси соҳасида белгиланган вазифаларни қўллаб-қувватлайман. Чунки ушбу ислоҳотлар инсон қадрини юксалтириш, аҳоли даромадини ошириш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва мамлакатимизнинг халқаро меҳнат бозоридаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Меҳнат миграциясининг асосий мақсади — фуқарони хорижга ишга юбориш эмас, балки унинг меҳнати қадрланадиган, ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган ва оиласи фаровон ҳаёт кечирадиган шароитни яратишдир.

Зеро, хорижда меҳнат қилаётган ҳар бир юртдошимиз ортида унинг оиласи, фарзандлари ва келажакка бўлган умидлари бор. Давлатнинг вазифаси эса ҳар бир фуқаро қаерда бўлишидан қатъий назар, ўз Ватани ҳимояси ва қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб яшашини таъминлашдан иборат.

 

Анваржон Нурматов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш