Шу йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик миқдори 2 миллион 971 минг 100 сўмни ташкил қилган. Бу маълумот Давлат статистика қўмитасининг куни кеча эълон қилинган ҳисоботида акс этган. Ҳисоботда қайд этилишича, ўртача ойлик иш ҳақининг энг юқори даражаси молиявий ва суғурта фаолиятида кузатилган. Бу соҳада ишлайдиганлар ўтган олти ой ичида ўртача 7 миллион 111 минг сўмдан маош олишган, бу республика кўрсаткичидан 2,4 баробар юқоридир. Энг кам ўртача ойликни эса соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳаси вакиллари олишган. Биринчи ярим йилликда уларнинг ўртача маоши 2 миллион 49 минг сўмни ташкил этган, бу эса республикадаги ўртача ойлик иш ҳақидан 69 фоизга камдир.
Ҳисоботда саноат соҳасида ишлаганлар 3 миллион 734 минг 600 сўм, қурилиш соҳасидагилар 3 миллион 690 минг 700 сўм: савдо-cотиқ соҳасида ишлаганлар 2 миллион 977 минг 300 сўм, ташиш ва сақлаш соҳасидагилар 3 миллион 712 минг 600 сўм, ахборот ва алоқа соҳасида ишлаганлар 5 миллион 138 минг 400 сўм, таълим соҳасидагилар 2 миллион 250 минг сўм, бошқа соҳаларда ишлаганлар эса 3 миллион 125 минг 900 сўм миқдорида ўртача маош олишган. Ўртача маошнинг энг юқори миқдори Тошкент шаҳрида (4 миллион 549 минг 100 сўм), энг паст миқдори эса Наманган вилоятида (2 миллион 216 минг 300 сўм) кузатилгани эълон қилинди.