Имтиҳонга тайёрмисиз?

 

Бугун абитуриентлар катта ҳаяжон билан эртанги кунни кутишмоқда. Маълум қилинганидек, 5 августдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади.

Тайёргарлик жараёнлари, имтиҳонларни ўтказиш тартиби ҳақида Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Фарҳод Мирзажонов бизга қуйидагиларни хабар қилди.

 

ИМТИҲОН ВАҚТИ

2021/2022 ўқув йили учун 1 миллион нафардан ортиқ абитуриент рўйхатдан ўтди. Қоида тариқасида, тест синовлари кунига икки сменада ўтказилади. 1-смена 5 август 07:00 да, 2-смена 19:00 да бошланади. Давлат комиссияси баёни билан пандемия шароитида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест топшириқлари сони мақбуллаштирилиб, кириш тест синовларига жами 3 соат вақт ажратилади. Имтиҳонлар 10-11 кун давом этади.

 

ФАНЛАР ВА БАЛЛАР

Барча тест топширувчилар учун мажбурий бўлган 3 та фан бўйича: она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанларидан 10 тадан савол тузилган. 2 та қўшимча фан ихтисослигига кўра танланади.

Умумий ҳолда 2021/2022 ўқув йили қабулида абитуриентларга 5 та фан бўйича жами 70 та тест топшириғи берилади. Бунда тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 баллни ташкил этади.

 

НАЗОРАТ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Назорат олдинги йилдаги тартибда бўлади. Абитуриентлар видеокузатув орқали паспорт асосидаги рухсатнома билан киритилади. Имтиҳон жараёнлари тўғридан тўғри эфирга узатилади ва бу орқали ҳар бир абитуриентнинг ҳаракати кузатилади.

Тест синовлари очиқ майдонда ўтказилишини инобатга олган ҳолда имтиҳонга бош кийим билан киришга рухсат берилади. Абитуриентларга ичимлик суви, тиббий ниқоб ва ручкалар имтиҳон вақтида берилади.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА

тайёрлади.

“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29

← Рўйхатга қайтиш