“Эмлаш мажбурий бўлармиш”, “вакцина олмаганлар ишдан бўшатилар экан” – бугун ҳамманинг оғзида шу гап. Одамларнинг ваҳимаси бир эмас, икки карра кўпайди.
ИНФОДЕМИЯ АСОРАТИ
Коронавирусдан таҳликага тушиб яшаётган кишилар эндиликда эмланмаса, иш жойидан ажралиб қолишдан хавотирда. Вакцина қабул қилай деса, турли миш-мишлар сабаб аҳолида ишончсизлик юзага келган. Яна бир “афсона”га кўра эмишки, эмланганларнинг вақт ўтиб органлари ишдан чиқа бошлармиш ва яна алланарсалар. Бундай ҳақиқатдан йироқ бўлган гап-сўзлар ёки сафсаталарнинг келиб чиқишига сабаб одамларда тиббий маданиятнинг етишмаслигида, деб баҳоланди. Аслида ҳам коронавирусга қарши эмланишнинг зарурати ҳамда бу инсон саломатлигини ҳимоялашнинг бирдан-бир ечими эканини тушунтириш талаб этилмайдими?
ҲАММА МАЖБУРИЙ ЭМЛАНАДИМИ?
Аҳолида юзага келган хавотирни табиий қабул қилиш керак. Қонунчиликдаги меъёрни аксарият одамлар “энди вакцинация (эмлаш жараёни) мажбурий бўлади”, деб талқин қилди. Лекин депутатлар бу жараён мажбурий бўлмайди, деган изоҳларни бермоқда. Зеро, қонунга мувофиқ, амалдаги Меҳнат кодексига ва Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритиляпти, холос.
Эътибор беринг, ўзгартириш ва қўшимчалар орқали профилактик эмлаш жорий қилиниши билан боғлиқ Бош санитария ва эпидемиология врачига соғлиқни сақлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси қонунини жорий этиш тўғрисида қарор қилиш билан боғлиқ ваколат бериляпти. Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисида эса мазкур қонун маъқулланди. Унга кўра, эмлаш ва эмланиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди. Бунга сабаб эпидемиологик вазият кун сайин жиддий тус олиб бормоқда.
Одамларда турли фикрлар ҳамда эътирозлар юзага келмоқда. Лекин унутмаслигимиз керакки, бир инсоннинг ҳуқуқи бошқаларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслиги зарур. Акс ҳолда, бунга чора кўрилиши табиийдир. Шундан келиб чиқиб, сенаторлар Ўзбекистонда мажбурий эмлашни назарда тутувчи қонунни маъқуллади.
ЭМЛАШ ОХИРГИ ВА ЭНГ МАҚБУЛ ЧОРА
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Муқаддас Ўрозалиеванинг сўзларига қараганда, Конституциямизнинг 20- ва 48-моддасида фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқлари кафолатланган ва одамлар вакцина олишдан бош тортиши мумкин. Фуқаролик кодексининг 8-,9-моддаларида эса инсон ҳуқуқларидан қандай фойдаланиш шартлари белгилаб қўйилган. Яъни, агар инсон ўз ҳуқуқидан воз кечадиган бўлса, бу бошқалар, хусусан, жамиятга ва давлатга путур етказмаслиги лозим. Эмланишдан бўйин товлаш орқали эса бошқаларнинг яшаш ҳамда соғлиғини сақлаш ҳуқуқига путур етказган бўламиз. Шу жиҳатдан олиб қаралса, вакцина олиш шарт бўлади.
14 тоифадаги қатлам вакилларига вакцина олиш шартлиги айтилди. Ижтимоий тармоқларда бу масалада турли баҳслар бор. Эмланмаган ходимлар ишдаш бўшатилиши ҳақидаги гаплар авж олди. Лекин бу нотўғри қараш. Қонунга кўра, вакцина олмаган инсон ишга қўйилмаслиги мумкин. Бунда иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат шартномаси бекор қилинмайди. Фақат вакцина олмаган шахс вақтинча ишдан четлатилади ва унга ойлик тўланмайди. Қачонки вакцина қабул қилса, ана шунда ишига қайтиши мумкин бўлади.
Таъкидланишича, қонуннинг қабул қилиниши коронавирус инфекциясининг янги тўлқинларининг олдини олишга хизмат қилади. Бунда аҳоли ўртасида оммавий вакцинацияни ташкил этишнинг қонуний асослари янада мустаҳкамланади. Шунингдек, юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлаш ўтказишни жорий этиш юзасидан амалдаги қонунчиликдаги мавжуд зиддиятлар бартараф этилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, ҳозирги кунга қадар мажбурий вакцинация амалиёти Франция, Греция, Австралия, Италия, Латвия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларда жорий этилган.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29