Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупция ҳолатлари ҳақида агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастур асосида eanticor.uz сайтини ишга туширди. Агентлик қайдича, юртдошларимизмазкур сайтдан фойдаланган ҳолда ўзлари рўпара келган коррупция ҳолатлари ҳақида тўрт мавзуда (“Коррупцияга дуч келдим ва пора беришга мажбур бўлдим”, “Коррупцияга дуч келдим ва пора бермадим”, “Пора билан боғлиқ бўлмаган коррупцияга дуч келдим”, “Ҳалол ишлайдиган давлат хизматчисини учратдим”) мурожаат йўллашлари мумкин.
Агентлик eanticor.uz орқали келаётган мурожаатларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш билан бир қаторда берилган мурожаатлар асосида соҳалардаги коррупцион ҳолатларни таҳлил қилиши, ўтказиладиган таҳлил натижаларига кўра коррупцияга имкон яратаётган омилларни бартараф этиш чоралари кўрилишини билдирган. Коррупцияга йўл очиб бераётган нормаларни ўзгартириш, бекор қилиш ёки қонунчиликка тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш ана шундай чоралар сирасига киради. Аксилкоррупция агентлиги мазкур дастурий таъминот орқали фуқароларнинг коррупцияга оид мурожаатлари асосида вазирлик, идоралар, вилоят ва туманларнинг статистик рейтингини кузатиб бориш имконияти ҳам яратилганини қўшимча қилган.
“Бунда тегишли идоралар мутасаддилари рейтингдан тегишли хулосаларни чиқарган ҳолда коррупцияга сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш чораларини кўриши мақсадга мувофиқ бўлади”, дейилган агентлик хабарномасида дастур келажакда янада такомиллаштирилиши таъкидланган.