Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ҳаво ва халқаро автомобиль қатновлари тикланади
Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасида ҳаво ва халқаро автомобиль қатновлари тикланади

 

Ўзбекистон билан Туркманистоннинг Транспорт вазирликлари ўртасида тез орада санитария-эпидемиология талабларига риоя этган ҳолда тўғридан-тўғри ҳаво транспорти ҳамда халқаро автомобиль қатновларини қайта тиклаш масалалари устида иш борилади. Бунга оид келишувга Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ҳамда Туркманистон бош вазири ўринбосари Эсенмират Ўразгелдиев ўртасида куни кеча Ашхободда ўтказилган музокаралар чоғида эришилган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири матбуот хизмати маълумотига кўра, музокаралар чоғида икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг улкан салоҳияти алоҳида таъкидланган, устувор йўналишларда муносабатларни чуқурлаштириш учун мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар қилиш долзарблиги урғуланган.

Музокаралар пайтида чегара ўтиш нуқталарининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, ўзаро савдонинг ўсиши учун тариф ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш ҳамда икки мамлакатнинг транспорт қувватлари ва транзит салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ишлари амалга оширилиши, ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ва таклифлар Ўзбекистон ва Туркманистонни боғловчи транспорт йўлакларини янада ривожлантириш учун тегишли “Йўл харитаси”да бирлаштирилиши юзасидан ҳам келишувга эришилган.

← Рўйхатга қайтиш