Марказий банки томонидан ўтказилган матбуот анжумани доим қизиқарли бўлади. Бу сафар ҳам кутилмаган рақамлар, фактлар ва муаммоли ҳолатлар ҳақида хабар берилди.
Уларнинг қайд этишича, жорий йилнинг II чораги бўйича мамлакатимизда иқтисодий фаолликнинг жадаллашиши давом этиб, аксарият тармоқларда ўсиш кўрсаткичлари пандемиягача бўлган давр даражасига етган.
Шунингдек, матбуот анжуманида иқтисодиётда сезилган инфляция ва инфляцион кутилмалар даражасининг юқори қолаётганлиги ҳамда уларнинг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўзгаришига таъсирчанлигининг юқорилиги инфляцион вазиятни янада кучайтириши мумкинлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Марказий банк масъуллари дори-дармон ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиш эҳтимоли борлигини ҳам алоҳида қайд этишди.
Келгуси ойларда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши шароитида дори-дармонлар, тиббий хизматлар ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиши мумкинлиги ва бунинг олдини олишга, карантин билан боғлиқ чекловларнинг умумий овқатланиш, транспот ва етказиб бериш хизматлари соҳаларидаги нархларга таъсирини камайтириш лозимлиги тўғрисида Марказий банк ҳукуматни чора кўришга чақирди.
Қизиқ томони, Марказий банкнинг ўзи бундай чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқишга бош-қош бўлиши керак эмасми?
Хўп. Яна бир қизиқ маълумот. Гўшт маҳсулотлари ва қорамоллар импорти ҳажмининг ошиб боришига қарамай, ички бозорларда гўшт маҳсулотлари нархларининг ўсиш динамикаси сақланиб қолади. Янги тузилган Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига саломлар! Қани Вазирлар Маҳкамасининг ўнлаб қарорлари ижроси? Нега гўшт импорти муттасил ошиб бормоқда?
Марказий банкнинг ҳисоб-китобига кўра, ҳудудларда чорва учун зарурий озуқа базасини кўпайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш орқали бу маҳсулотларнинг барқарор нархини шакллантириш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, Марказий банк мутасаддилари айтаяптики, ташқи ва ички иқтисодий шароитлар таъсирида юзага келадиган инфляцион омиллар ва хатарларни синчиковлик билан ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўриб борилмоқда. Ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмайсан. Чунки, реал воқелик бу гапларни тасдиқламаяпти, ўртоқлар.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29