Ер ажратиш тартиби ўзгарди
Ер ажратиш тартиби ўзгарди

 

Энди жараён устидан жамоатчилик назорати кучайтирилади

Ерлардан самарали фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, фойдаланишда барчага тенг имкониятлар яратиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш давлатнинг асосий вазифаларидан биридир.

Президентимиз томонидан 2021 йил 8 июнь куни “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармон ер муносабатларини қонуний тартибга солиш борасида янги даврни бошлаб берган тарихий ҳужжат бўлди. Эндиликда ҳокимиятларнинг ерларни тўғридан-тўғри ажратиш, захиралаш, ободонлаштиришга ажратиш ва бошқа ваколатлари бекор қилинмоқда, ерга бўлган ҳуқуқлар қисқартирилмоқда ҳамда ер участкалари хусусий секторга мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида берилиши, давлат ташкилотларига эса доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилиши белгиланмоқда.

Бундан буён маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш ёки ерларни тасарруф қила олмайдилар.

Фармондаги бундай қатъий ўзгаришларнинг асосий мақсади ерларнинг талон-торож қилиниши, ер ажратиш борасида коррупцион ҳолатларнинг авж олиши, ернинг ноқонуний олди-сотди объектига айланиб қолиши каби нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган. Ушбу Фармоннинг яна бир жиҳати, электрон онлайн-аукцион ва очиқ танловга қўйиш учун ер участкаларини танлаш, аукцион ва танловда иштирок этиш учун мурожаатларни қабул қилиш, аукцион ва танловни ўтказиш, унинг натижаларини расмийлаштириш билан боғлиқ барча жараёнлар, истисноларсиз фақат электрон ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда, электрон ҳужжат алмашинуви йўли билан амалга оширилиши ҳам айнан ерларни очиқ ва ҳаққоний тарзда ҳақиқий эгасига топширишни мақсад қилган.

Мазкур Фармоннинг қабул қилинишига халқимиз ўртасида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бўлган ишончсизлик, ер участкаларини ажратиш билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар ҳамда непотизм ҳолатларининг учраши, яъни қариндош-уруғ ва ошна-оғайничилик алоқаларини биринчи ўринга қўйган ҳолда ер участкаларини ажратиб бериш сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши ерга оид муносабатларни тартибга солишни янги босқичга олиб чиқиб, унинг ажратилишида инсон омилини минимал даражада камайтириш, бу орқали коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ерни ҳақиқий бозор активига айлантиришга хизмат қилади.

Бир сўз билан айтганда, энди ер ажратишда таниш-билишчилик даври эндиликда тарихда қолди.

 

Рустам КЕНЖАЕВ,

Тошкент давлат юридик университети Экология ҳуқуқи кафедраси доценти.

“Ўзбекистон овози”, 4.08.2021, №29

← Рўйхатга қайтиш