Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида 12-13 август кунлари “Глобал ҳаракатларга ёшларни жалб қилиш” мавзусида ёшлар ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон конференцияси ўтказилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур халқаро конференцияда 500 га яқин иштирокчи, жумладан, 30 дан ортиқ хорижий давлатнинг 150 дан зиёд вакили қатнашиши кутилмоқда.
Конференцияда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет, БМТ Бош котибининг Ёшлар бўйича вакили Жаятма Викраманаяке, Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Ҳелга Мариа Шмид, Осиё парламент ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий, ЕХҲТ Парламент ассамблеяси президенти Маргарета Седерфелт, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси Сергей Лебедев, шунингдек Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидов ҳамда хорижлик ва маҳаллий экспертлар иштирок этишади.
Конференция СOVID-19 пандемияси важидан виртуал шаклда ўтказилиши, у учта ялпи мажлисдан ҳамда учта параллель сессиядан иборат бўлиши, маърузалар ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида тақдим этилиши айтилмоқда.