Конституция ва одил судлов
Конституция ва одил судлов

 

Конституциямиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги байрами муносабати билан Тошкент шаҳар, ФИБ Учтепа туманлараро ва ЖИБ Учтепа туман судлари ҳамкорлигида “Азиз инсон: Конституция ва одил судлов” мавзуида янги форматда “очиқ эшиклар” куни ташкил этилди.

Тадбирда Парламент аъзолари, Олий суд, Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳридаги туман ва туманлараро судларининг судьялари, суд фахрийлари ва бошқа давлат ҳамда жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Асосий қонунимизнинг 2-моддасида давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъуллиги, қомусимизнинг 7-моддасида эса, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги белгилаб қўйилган.

Демак, суд тизими фаолиятида ҳам асосий қонунимиз, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонунлар, жумладан, процессуал қонунчилик асосида халққа хизмат қилиш, одамларни рози қилиш белгиланган. Жиноят судларида инсонпарварлик ғояларига содиқ бўлиш, фуқаролик судларида қонуний қарор қабул қилишгагина эмас, низоларни амалда ҳал этиш, тарафларни қарордан рози қилиш, иқтисодий судларда адолатни оғишмай таъминлаш, мурожаатчилар ва уларнинг вакиллари ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит яратиб беришга қомусий мажбурият сифатида қаралиши лозим.

Шундай экан, суд ҳокимиятини амалга оширувчи, одил судловни таъминловчи суд тизимининг фаолиятида ҳам аввало, инсон ҳақ-ҳуқуқлари, эркинлиги, унинг манфаатлари, қонун устуворлиги, адолат мезонлари бирламчи ўрин эгаллаши даркор.

Зеро, инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тамойили ислоҳотларимиз моҳиятини ташкил этади.

Таъкидлаш ўринлики, Конституцияга кўра, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслари, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган, вояга етмаганлар, аёллар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясида эканлиги белгилаб қўйилган.

Судларнинг асосий вазифаларидан бири эса, айнан қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашиш, қонунга ва судга нисбатан ҳурмат муносабатини шакллантиришдан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг олдини олишдан иборатдир.

Шу асосда, процессуал қонунчиликда, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

Асосий қонунимизга мувофиқ, бошқа давлат органлири қатори судлар ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга масъул экан, аввало, аёлларимизни уларга қарши содир этилаётган, содир этилиши мумкин бўлган зўровонлик, таҳдид каби жиноятлардан ҳимоялаш, бу каби жиноятчиликнинг олдини олиш судларнинг олдидаги энг устувор вазифалардан биридир.

Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, “Инсон ҳуқуқлари: зўровонликка оид жиноятларнинг олдини олишда судларнинг масъулияти”, “Азиз инсон ҳуқуқлари ва Конституция кафолатлари”, “Конституцияда одил судлов: одил судловни таъминлашда коррупцияга қарши муросасизлик, судьялар маънавияти ва масъулияти” каби мавзулар доирасидаги баҳс-мунозаралар айнан юқоридаги мақсадларга қаратилгандир.

Шунингдек, тадбирда судьялар билан суд фахрийлари, адвокатлар, тадбирга ташриф буюрган аҳоли вакиллари, жумладан, хотин-қизларимиз ўртасида самимий мулоқот бўлиб ўтди. Айниқса, судьялар томонидан эҳтиёжманд аҳоли қатлами вакилларига алоҳида эътибор қаратилганлиги, уларнинг оғирини енгил қилишга қаратилган эҳтиром аввало, судларнинг очиқлик ва ошкоралиги амалда таъминланаётганлигидан далолатдир.

Азиз инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган “очиқ эшиклар” куни Бош Қомусимизда белгиланган вазифалар ижросига қаратилганлиги билан эсда қоларли бўлди.

 

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 8.12.2021, №49

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш