Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида
Ядро физикаси институти илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Ўзбекистонда ядро физикаси тадқиқотлари ўтган асрнинг 40-йилларида бошланган бўлиб, 50-йилларига келиб жадал ривожлана бошлади. Мамлакатда юқори малакали олимларнинг мавжудлиги, шунингдек, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш йўлида Ўзбекистон олимларининг самарали илмий изланишлари ва амалий ишланмалари 1956 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг (кейинги ўринларда – Институт) ташкил этилишига замин яратди.

Институт ўзининг 60 йилдан зиёд фаолияти давомида ядро физикаси ва ядровий технологиялар соҳасида дунё илмий ҳамжамияти томонидан тан олинган йирик тадқиқот марказига айланди.

Ўтган йиллар давомида Институт жамоаси томонидан муайян ишлар амалга оширилди, шу жумладан:

атом ядроси ва элементар зарралар физикаси, ядро тузилиши назарияси, қуйи ва ўта паст энергияларда ядроларнинг парчаланиши ва қўшилиши физикаси, юқори энергиялар физикаси, астрофизика ва космология, қаттиқ жисм радиацион физикаси, радиокимёнинг фундаментал жиҳатлари соҳаларида ядровий илмларнинг фундаментал асослари ривожлантирилди;

амалий радиокимё, радиоизотоплар ва улар асосида радиофармацевтик препаратлар ишлаб чиқариш, иқтисодиётнинг турли тармоқлари учун радиацион приборлар ва ускуналар тайёрлаш, опто- ва микроэлектроника учун янги материаллар олиш бўйича амалий ядро технологиялари яратилди.

Шу билан бирга, ядро физикаси соҳасида тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш, Институтнинг илмий салоҳиятини янада ошириш учун қўшимча чораларни кўриш талаб этилмоқда, хусусан:

илмий тадқиқотларни молиялаштириш тизимини такомиллаштириш;

ёш олимларни тайёрлаш ва уларни илмий тадқиқотларга жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, иқтисодиёт тармоқларида мавжуд долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган амалий-илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда тадқиқот реакторидан самарали фойдаланиш;

атом энергетикаси йўналишидаги илмий изланишларни йўлга қўйиш;

Институтнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, замонавий ядровий ускуналар, юқори энергияли циклотрон, юқори қувватли электрон тезлатгичлар, бошқа асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш.

Ядро фанлари ва технологияларини ривожлантириш, ушбу йўналишда илмий тадқиқотларни олиб бориш тизимини тубдан такомиллаштириш ва Институт илмий-техник салоҳиятини ошириш, ядровий тадқиқот реакторидан самарали ва бехатар фойдаланишни таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, унинг натижадорлигини таъминлашда кадрларнинг малакасини янада ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар Институт фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

назарий ва экспериментал ядро физикаси, атом энергетикаси ва ядровий технологиялар, қаттиқ жисм радиацион физикаси ва материалшунослик, ядровий аналитика ва радиокимё, илмий асбобсозлик бўйича фундаментал, амалий ва инновацион илмий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий-инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш;

олий ўқув юртидан кейинги таълим институти фаолияти самарадорлигини таъминлаш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва иқтидорли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

республика мақсадли фан-техника ва инновацион дастурларини бажариш орқали ядро фани ва технологияларини мувофиқлаштиришда фаол иштирок этиш;

иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, таълим муассасаларидаги ўқув жараёнида Институт илмий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, диссертация ишлари ва битирув малакавий ишларига раҳбарлик қилиш орқали фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш;

хорижда илмий кадрларнинг касбий малакасини ошириш, шунингдек, Институт илмий фаолиятига чет эллик олимлар ва мутахассисларни, шу жумладан, хориждаги ватандошларни жалб қилиш;

Институт фаолиятига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш.

2. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича мақсадли дастур (кейинги ўринларда – Мақсадли дастур) 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган илмий-тадқиқот ишлари дастури (кейинги ўринларда – Илмий-тадқиқот ишлари дастури) 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг 2021 йилгача мақсадли кўрсаткичлари (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) 3-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг тузилмаси 4-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган илмий ходимлари сонини босқичма-босқич камайтириб бориш жадвали 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институти ходимларининг хориждаги етакчи илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналарида малакасини ошириш режа-графиги 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев зиммасига Мақсадли дастур ва Илмий-тадқиқот ишлари дастури сифатли ҳамда тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва Мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун шахсий масъулият юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Институт илмий ходимларининг хориждаги етакчи илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналарида малака оширишини таъминласин.

Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, Институтнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги “Эл-юрт умиди” жамғармасининг танлов натижаларига кўра белгиланган тартибда ажратилган маблағлари Институт илмий ходимларининг хорижда малака оширишини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

3. Белгилаб қўйилсинки, 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб:

Институт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш, бино ва иншоотларини сақлаш харажатларини молиялаштириш, шунингдек, жорий харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига амалга оширилади;

Институтда илмий-техник дастурлар доирасидаги фундаментал тадқиқотларнинг амалга оширилиши тўхтатилади ва бўшаган бюджет маблағлари Институтни сақлаш харажатларининг молиялаштирилишига йўналтирилади.

4. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

халқаро молия ва бошқа институтлар, хорижий ташкилотларнинг грантлари;

хўжалик фаолияти ҳисобидан тушган маблағлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бир ой муддатда:

янги таҳрирдаги Институт устави ҳамда лабораториялар ва илмий ходимлар фаолиятини йиллик баҳолаш тартибини белгиланган тартибда тасдиқласин;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ёрдамчи ходимлар, жумладан, республикадаги илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий-ёрдамчи ходимлари штат нормативларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор идоралар билан биргаликда:

бир ой муддатда Институтни 2020-2024 йилларда ривожланиш концепциясини;

икки ой муддатда 2030 йилгача Институтнинг илмий изланиш фаолиятини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Фан ва технологиялар бўйича республика кенгашига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 7-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.С.Юлдашев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2019 йил 21 ноябрь

 
← Рўйхатга қайтиш