Шу кунларда жамоатчилигимиз томонидан Президентимизнинг жорий йил 25 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида ижтимоий суғурта жамғармаси ҳақида муҳим вазифалар белгилангани кенг муҳокама этилмоқда. Ижтимоий суғурта нима эканини кенг жамоатчиликка тўғри тушунтириш, албатта, жуда муҳим.
Молия вазирлигининг Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва давлат ижтимоий хизматлари тармоқларида бюджет сиёсати департаменти бош мутахассиси Комила Закирова мухбиримизга ушбу жамғармадан кўзланган мақсадни изоҳлаб, жараённи тушунтириб берди.
– Шу йилнинг август ойида Ижтимоий суғурта жамғармаси шакллантирилиши кўзда тутилган. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбаси этиб Давлат бюджети белгиланган. Кейинчалик эса Молия вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан жамғарманинг қўшимча манбалари аниқланади. Жамғармани ташкил этишдан асосий мақсад нима? Асосий мақсад босқичма-босқич республикада ижтимоий суғурта тизимини жорий этиш орқали аҳолига базавий ижтимоий таъминотни кафолатлашдир.
Биринчи босқичда, яъни сентябрдан бошлаб барча юридик шахсларда меҳнат шартномаси асосида расмий ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг бир қисми Жамғарма ҳисобидан тўлаб берилади.
Нафақанинг бу қисми минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб, 2 миллион сўм миқдорида белгиланмоқда. Иш берувчи эса фақат нафақанинг Меҳнат кодексига мувофиқ қолган қисмини тўлаб беради. Мисол учун, аёлнинг ўртача ойлик иш ҳақи 1 миллион 200 минг сўм бўлиши мумкин. Бунда Ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан унга 4 ой ҳомиладорлик туфайли меҳнатга лаёқатсизлик даврига жами 2 миллион сўм нафақа тўлаб беради. Бир сўз билан айтганда, Меҳнат кодексига асосан бу аёл жами 4 миллион 800 минг сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиши керак.
Яъни, бу ҳолатда иш берувчи унга 2 миллион 800 минг сўм миқдорида ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлаб бериши керак. Бундай тартиб, ўз навбатида, иш берувчиларни ижтимоий тўловларнинг бир қисмидан озод этади.
Аҳоли томонидан бу нафақани тайинлаш тартиби қандай бўлади, деган мазмунда кўп саволлар келиб тушмоқда. Ҳозирги кунда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартибига оид лойиҳа ишлаб чиқиш жараёнида. Лойиҳага асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси мурожаат талабисиз тайинланиши кўзда тутилган. Бу бирон жойга бориб юриш керак бўлмайди, дегани. Аёлга тиббий ташкилот (оилавий поликниника, туғуруқ муассасаси, қишлоқ врачлик пункти) томонидан ҳомиладорлик ва туғиш меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилганидан сўнг тиббий ташкилотнинг масъул ходими ушбу варақани “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да электрон рўйхатдан ўтказиши режалаштирилмоқда.
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” эса “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси билан ахборот алмашувини қўллаб, аёлнинг бандлиги ва иш стажини автоматик равишда аниқлайди ва мезонларга жавоб берса, нафақани тайинлайди.
Шундан кейин “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланганлиги ҳақида аёлнинг телефонига қисқа хабар – СМС юборади.
Лойиҳага асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси аёлнинг номига очилган актив пластик картаси мавжуд бўлса, нафақа ҳомиладорлик ва туғиш меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилган ойдан кейинги ойда ўша картага тўлаб берилиши кўзда тутилган.
Агар аёлнинг номида очилган пластик картаси мавжуд бўлмаса, СМСда АТ “Халқ банки”нинг филиалига мурожаат этиши кўрсатилади ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси нақд кўринишда тўлаб берилади.
Иккинчи босқичда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари иш берувчи зиммасидан олинади. Кейинги босқичларда Ижтимоий суғурта жамғармасининг имкониятларидан келиб чиқиб, касаллик варақалари асосида нафақа тўлаб бериш, иш берувчи тугатилган ҳолларда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаб бериш давлат томонидан ижтимоий суғурта орқали амалга оширилади.
Яна бир муҳим йўналиш ижтимоий ёрдамга оид. Ҳозирги кунда 1,82 миллион оила болалар нафақаси ва моддий ёрдам билан қамраб олинган. Яъни, республика бўйича оилаларнинг 22 фоизи давлатдан ижтимоий ёрдам олмоқда. Фармонда “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали оиланинг кам таъминланганлигини аниқлашни рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш кўзда тутилган. Мазкур ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлашга оид меъёрлар доимий такомиллаштириб борилади. Шунингдек, ариза бериш жараёнини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда электрон ариза бериш имконияти яратилиши устидан ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб хулоса қиладиган бўлсак, Стратегиянинг асосий мақсади ижтимоий ҳимоя соҳасидаги барча инструментларнинг самарадорлигини ошириш, яъни аҳолига кўрсатилаётган кўмакни янада кучайтиришдир.
“Ўзбекистон овози” мухбири
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 10.08.2022, №32