Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрда яна Қозоғистон Республикаси пойтахти Остона шаҳрига ташриф буюради. Давлатимиз раҳбари Остонада «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» саммитида иштирок этади. Бу, шубҳасиз, ноёб ва тарихий саммит бўлади.
Тан олиш керак, кўпчилик юртдошларимиз Европа Иттифоқи ҳақида кенгроқ маълумотларга эга эмас. Остонадаги саммит бежиз ўтказилаётгани йўқ, ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ стратегик масалалар муҳокама этилса керак. Юксак тараққиётга, инсон қадри улуғланишига эришилган ушбу макон ҳақида умумий маълумотлар билан танишинг.
Европа Иттифоқи халқаро иқтисодий ҳамда сиёсий бирлашма ҳисобланади ва айни пайтда у 28 давлатни ўз ичига олади. Европа Иттифоқи аъзо давлатларнинг ижтимоий институтларини ривожлантириш ва хавфсизлик сиёсати учун умумий векторни белгилайди.
ЕИнинг мақсадлари Европа халқларининг мустаҳкам иттифоқини вужудга келтириш, ички чегаралари бўлмаган макон яратишдан иборат. Шунингдек, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ўзаро таъсирни кучайтириш йўли билан мувофиқлаштирилган узоқ муддатли иқтисодий тараққиётга ёрдам бериш ҳам асосий ғояларидан саналади.
Дастлаб Европа Иттифоқи таркибига фақат Ғарбий Европа давлатлари, хусусан, Бельгия, Франция, Люксембург, Германия, Нидерландия ва Италия кирган. Уюшма асосан иқтисодий мақсадларга қаратилган ҳаракатларни илгари суради. У Европа кўмир ҳамда пўлат ҳамжамияти негизида вужудга келган ва 1957 йилда Рим шартномасига кўра, Европа иқтисодий ҳамжамияти (ЕИ) ташкил этилган. Натижада унинг аъзолари бир-биридан божхона тўловларини ундиришни тўхтатди. Бу эса мамлакатлар ўртасидаги савдо жараёнларини анча соддалаштирди. 1973 йилда Дания, Ирландия ва Буюк Британия ҳамжамиятнинг аъзосига айланди.
Маълумотларга кўра, ЕИ шаклланиш тарихидаги энг муҳим давр 1990 йилларга тўғри келади. Яъни, собиқ совет иттифоқи парчаланиб бораётган бир пайтда Европа ўзаро интеграция йўлидан борди. 1993 йилда ЕИ давлатлари Маастрихт шартномасини имзолади. У тўртта асосий ҳаракат, яъни товарлар, хизматлар, одамлар ва валюта эркинлигида устунликни белгилаб беради. Айнан ушбу воқеа ЕИ мавжудлигининг асосига айланди.
2000 йилнинг бошларида Шарқий ва Ғарбий Европа ўртасидаги сиёсий тафовутлар юмшай бошлади – бу даврда Европа Иттифоқи таркибига бирданига 10 та янги давлат, 2007 йилда эса Болгария ҳамда Руминия мамлакатлари қўшилди.
Европа Иттифоқи фаолияти учта асосий тузилмага боғлиқ. Булар Европа Комиссияси, Парламенти ҳамда Кенгаши ҳисобланади.
Иттифоқнинг энг юқори ижро этувчи органи Европа Комиссияси бўлиб, у бошқа қатор фаолиятлардан ташқари қонун ижодкорлиги билан ҳам шуғулланади. Шунингдек, Европа Иттифоқида қабул қилинган ҳуқуқий меъёрларнинг бажарилишини назорат қилади. Бундан ташқари, Комиссия Жаҳон Савдо Ташкилоти ва G7да ЕИга вакиллик қилади. Комиссиянинг бошида иттифоққа аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан сайланадиган ва Европа парламенти томонидан тасдиқланадиган раис туради.
Европа парламенти Комиссиянинг қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқади. Парламент аъзолари ҳар беш йилда бир марта иштирокчи мамлакатлар фуқаролари орасидан сайланади. Депутатлар фракцияларга, яъни европартияларга бўлинган. Масалан, “Европа учун либераллар ва демократлар альянси”, “Европа яшиллар партияси”, ультраконсерватив “Миллатлар ва эркинликларнинг Европаси” сингари ўндан ортиқ партиялар мавжуд.
Европа Кенгаши Европа Иттифоқининг қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишда кўриб чиқадиган олий сиёсий орган саналади. Мазкур тузилма парламент томонидан таклиф қилинган қонунни қабул қилиши ёки рад этиши мумкин. Кенгаш Европа Иттифоқига аъзо давлатлар раҳбарларидан иборат бўлиб, барча мамлакатларнинг ривожланиш стратегиясини белгилаб беришга хизмат қилади. Кенгашнинг асосий вазифаси сиёсий интеграциянинг умумий йўналишини ишлаб чиқишдан иборат.
Манбаларда келтирилишча, Европа Иттифоқи бюжетини шакллантиришнинг энг катта манбаи аъзо давлатларнинг бадаллари ҳисобланади. Уларнинг ҳажми ҳар бир мамлакатнинг ялпи ички даромади асосида аниқланади. Европа Иттифоқининг иқтисодий етакчиси Германия бўлиб, 2020 йилда унинг ялпи ички маҳсулоти тахминан 3,85 триллион долларни ташкил қилди. Ундан кейин 2,63 триллион доллар билан Франция ва 1,89 триллион доллар билан Италия туради.
Европа Иттифоқи ҳамкорлик орқали аъзо давлатлар ва бутун дунёдаги жараёнларга таъсир кўрсатишга ҳаракат қилади. Шу сабабли, бирор бир мамлакат, жамият Европа Иттифоқи ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса ҳам, у ҳуқуқларнинг бузилишига қарши курашиш чораларини кўриши мумкин.
Шунингдек, ЕИ билан боғлиқ яна кўплаб атамалар ва тушунчалар мавжуд. Мисол учун, Евроҳудуд 20 га яқин давлатни ўз ичига олган валюта иттифоқи бўлиб, улар ҳудудида умумий пул бирлиги мавжуд.
Евроинтеграция эса умумий бозорда бизнес юритишдаги кўпгина тўсиқларни олиб ташлашни назарда тутади. Айтайлик, бошқа бир аъзо давлатдан келган тадбиркор бемалол Франция ёки Германияда савдо қилиши мумкин. Чунки барча стандартлар ва тарифлар ҳар бир Европа Иттифоқига аъзо давлатлар фуқаролари учун бир хилда жорий этилган.
Европа Иттифоқи мамлакатларининг ўзига хос мажбуриятлари ҳам бор. Жумладан, улар илмий-тадқиқотлар ва атом энергиясидан фойдаланиш соҳасида бир-бирига ёрдам беришга, монополияга қарши курашиши ва экологик сиёсатнинг умумий қоидаларига риоя қилиши шарт.
Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг Адлия суди ҳам фаолият юритади ва у Люксембургда тўпланади. Унинг таркибида Иттифоқ давлатларининг ҳар биридан иштирокчи жой олади. Суд Европа қонунчилигига риоя қилишни кафолатлайди. Жисмоний шахсларнинг даъволарини қабул қилади ва кўриб чиқади. Халқаро хусусиятга эга масалаларни ҳам кўриб чиқади, яъни Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ўртасидаги низоларни тартибга солишда ҳам иштирок этади.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 26.10.2022, №43