«Тошкентдаги 3 та онкология шифохонаси арзонга сотувга қўйилибди, уларнинг ўрнига 1 та янги умумий Марказ қурилармиш», деган шов-шув кўтарилди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятга ойдинлик киритиш учун медиа тур ташкил қилди. Воқеалар кетма-кетлиги, савол-жавобларни кузатсангиз, кўп нарсани тушунасиз.
Республика Онкология маркази ҳамда унинг пойтахт ва Тошкент вилоятидаги филиалларини ягона уникал комплексга бирлаштириб, 650 ўрин стационар ва 100 ўрин кундузги стационар даволанувчилар учун мўлжалланган янги бино қурилмоқда.
8 қаватли онкологик комплекснинг қурилиши учун тахминан 600 миллиард сўм маблағ ажратилган экан. Жиҳозлашга 80 миллион доллар йўналтириларкан. Яъни, 34 миллиарди янги марказга, 30 миллиарди ҳудудларга, қолган қисми келиб ўрнатиб, ўргатиб кетувчилар учун сарфланар экан. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов маълумот берди.
Республика ихтисослаштирилган Онкология ва радиология илмий-амалий Тиббиёт маркази директори Мирзағолиб Тиллашайхов қурувчилар томонидан тақдим этилган макет билан журналистларни таништирди.
Мирзағолиб ТИЛЛАШАЙХОВ:
– Айни пайтда фаолият кўрсатаётган марказ пойтахтимизнинг Олмазор тумани, Фаробий кўчасида жойлашган Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази 1968 йилда эксплуатацияга топширилган эди. Ўша пайтдаёқ иккита марказда ҳам чўкиш бошланганини таъкидлашган эди. Ўтган йили давлатимиз раҳбари марказимизга келиб, аҳволни кўриб, янги онкология маркази қурилиши билан боғлиқ фикримизни сўради. Биз қўллаб-қувватладик. 5 гектар бўш майдон бор экан, шу ерда бунёд этиладиган бўлди. Тошкентдаги онкология марказларининг умумий сиғимини оладиган бўлсак, 870 ўринга мўлжалланган. Кундузги стационар билан қўшганда эса янги марказ бундан анча кўп одамга хизмат кўрсата олади. Масалан, айрим беморлар 4-10 кун давомида нур олиши мумкин. Эндиликда эса бир кун кечгача муолажани олади ва эртаси куни келиши шарт эмас. Натижада беморларга хизмат кўрсатиш ҳажми кўпаяди. 16 та операция блоки ҳамда 45 ўринли реанимация бўлими ҳам ташкил этилади. Поликлиникаси эса 500 қатновга мўлжалланган. Шунингдек, замонавий технологиялар билан жиҳозланиши, 9 та бункердан иборат радиотерапия арсенали ишга туширилиши кўзда тутилган.
Амрилло ИНОЯТОВ,
Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари:
– Республика онкология маркази 370 ўринли бўлиб, 844 нафар ходим 1968 йилда барпо этилган биноларда фаолият олиб бормоқда. 250 ўринга мўлжалланган Тошкент шаҳар марказида 508 нафар ходим ишлайди. 240 ўринга эга Тошкент вилояти марказида эса 432 нафар ходим ишлайди. Расмий рақамларга кўра, 113 минг нафар бемор онкологик касалликлар билан рўйхатда туради. Шу кунга қадар бирор марта капитал таъмирлаш олиб борилмаган. Фақатгина 2019 йилда янги поликлиника биноси қурилган. Тошкент шаҳар бинолари эса 1961 йилда барпо этилган бўлиб, сўнгги марта 2012 йил давлат дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилган. Тошкент вилояти маркази 1926 йилда қурилган, 2008-2009 йилда инвестиция дастурига тушиб, таъмирдан чиқарилган. 2017 йилда патоморфология бўлими қуриб, фойдаланишга топширилган.
2021 йил 21 майдаги ҳамда 27 июлдаги Президент қарорлари билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш, Молия ҳамда Қурилиш вазирликларига Тошкент тиббиёт академияси клиникаси ҳудудида янги мажмуа қуриш ҳамда жиҳозлаш топширилган. Сабаби, бир томонда 1500 ўринга эга Тошкент тиббиёт академияси, бошқа томонда Тошкент тиббиёт академиясининг таъмирдан чиққан ўқув биноси бор. Бутун дунёда кластер тизимини барпо этиш тизими кетмоқда. Аслида ҳам тиббиёт шаҳарчаси, деганда ҳаммаси битта жойда бўлиши, бир манзилда ташхис, йўриқнома белгиланиши лозим.
Масалан, Тошкент вилоятида ҳамма диспансерлар алоҳида жойлашган. Ваҳоланки, эндокринология диспансерига борган одам учун бошқа шифокорларнинг маслаҳати ҳам керак бўлади. Айни пайтдаги мавжуд ҳолат эса аҳолига бирмунча қийинчиликларни юзага келтирмоқда. Кўплаб ривожланган мамлакатларда мультипрофилли 1,5-2,5 минг ётоқ ўринли клиникалар фаолият юритмоқда. Ҳаттоки руҳий ёки юқумли касалликлар шифохонаси бир мажмуада жойлашган ҳолатлар ҳам бор.
Шунингдек, давлатнинг миллиардлаб маблағига сотиб олинган жиҳоз 24 соат ишлаши керак. Кундузи ишлаб, кечқурун шифохона ёпилганидан кейин бекор туриши мумкин эмас. Шу сабабли Нурафшон шаҳрида бунга 2-3 баробар катталикдаги тиббиёт кластери қурилиши режалаштирилган. Муҳими, ушбу тенденция барча вилоятларимизда жорий этилади.
Нега янги марказдаги жойлар сони 100 тага кам, деган савол бериляпти. Бу билангина иш тугамайди. Ҳудудлардаги филиалларни модернизация қилиш ишлари олиб бориляпти. У ердаги технология, тиббий жиҳозлар кўпайтирилмоқда. Масалан, Хоразм вилоятида 7000 нафар бемор бўлса, 2400 нафари 2019 йилда ордер билан Тошкентга даволаниш учун келган. Жорий йилнинг 10 ойида эса бор-йўғи 140 нафар бемор пойтахтдаги марказда даволанди. Бунинг сабаби технология кучайиши эвазига касалликни эрта аниқлаш натижасида беморни 80-100 фоиз даволаш имкони юзага келмоқда. Муҳими, бунинг учун ҳудудларнинг ўзида ҳам даволаш йўлга қўйилмоқда.
Республикамиздаги барча онкология марказлари бугунги кунда 24 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Натижада касалликларни эрта аниқлаш даражаси 38 фоиздан 48 га кўтарилди. Беморларга махсус дори воситаларининг 100 фоиз бепул тарқатилиши ва замонавий жиҳозлар билан таъминланиши натижасида эса соғайиш кўрсаткичи 35 дан 80 фоизга ошди.
Таъкидлаш керакки, янги марказда бошқа жойларда бўлмаган, стреотоксид радио жарроҳлиги, яъни бош мия саратонини бош мия қопқоғини очмасдан бурун юқори табиий йўллари орқали аниқ даволаш усуллари бўлими йўлга қўйилмоқда. Бу жуда қиммат бўлим бўлиб, босқичма-босқич барча ҳудудларда ташкил этилади.
Шунингдек, чизиқли тезлаткич орқали нур терапияси жуда муҳим бўлган йўналиш ҳисобланади. Позитрон-эмиссион томография бўлими ҳам диагностика, ҳам даволашга хизмат қилади. Умуман 10 дан ортиқ янги бўлим фаолияти йўлга қўйилади. Койкалар камлигига яна бир сабаб, бир кунлик хирургия ривожланмоқда. Яъни, яхши сифатли ёки ёмон сифатли онкологик ўсимта бўлиши мумкин. Амбулатор равишда интсрументал, клиник текширувлардан ўтказилади. Ташхис қўйилганидан сўнг, бемор ўша куннинг ўзида кесмасдан табиий йўллар ёки кичик кесиклар орқали операция қилинади. Эрта ташхислаш 50 фоиз даволаш дегани. Аввалги усулга кўра эса, бемор тикиш жойлари битгунига қадар 20 кун, бир ойлаб шифохонада ётишига тўғри келган. Ҳозирда дунё тиббиёти бу усулдан воз кечмоқда. Замонавий усулга ўтилганда шу койкаларнинг ўзида 2 баробар беморларни даволаш имкони юзага келади. Ҳар бир масаланинг ҳисоби олинган.
Президентимизнинг 2019 йилдаги онкологик касалликларга чалинган беморларга қўшимча қулайликлар яратиш ва беморларга кўрсатиладиган тиббий хизматнинг ҳажмини янада ошириш билан боғлиқ қарорига биноан 305 ўринга мўлжалланган 150 миллион долларлик лойиҳа қийматига эга миллий онкология маркази пойтахтимизнинг Яшнобод туманида қад ростлайди. Унинг ёнида эса Жанубий Корея универститенинг филиали қурилади. Бу ҳам кластер усулида бўлади.
Журналистлар саволларига навбат берилганда жавоблар қуйидагича бўлди. Яъни, ходимларнинг иш билан таъминланиш даражаси, нега айни пайтда кўчада 25-30 минг долларлик жойларнинг бошланғич нархи 3-4 минг экани ва янги барпо этиладиган марказ ким томонидан қурилаётгани ҳақидаги савол берилди.
– 3 та ҳудудда жами 2000 нафар ходим фаолият юритмоқда. Янги марказда ҳам улар юз фоиз иш билан таъминланади ва буни Соғлиқни сақлаш вазирлиги кафолатлайди. Муҳими, янги марказда замонавий ускуналарнинг жой олиши тиббиёт ходимларининг ҳам дунёқарашини ўзгартиришга, малакасини оширишга ундайди.
Биргина онкологияда эмас, тиббиётнинг ҳар бир йўналишида беморлар ўз ҳудудида даволаниши керак, деган ташаббус илгари сурилмоқда. Муҳими, бу борада ишлар бошлаб юборилган. 5 йил олдин юртимизда нур билан даволайдиган 5 тагина аппарат бор эди. Ҳозирда уларнинг сони 27 тага етди. Ҳар битта вилоятга ўрнатилди. Авваллари кимётерапия олишга 1,2 миллион ажаратилган ва бу мамлакатдаги жами беморнинг 10-12 фоизини қоплар эди. Бугунга келиб, 125 миллиард сўм ажратилмоқда. Бу тахминан 12 миллион доллар, дегани. Натижада нафақат пойтахтдаги даволаш марказига, балки вилоятларга ҳам 95-100 фоиз нур дорилари етказиб берилмоқда.
Лекин қисқариб кетди, касаллар келмаяпти, деб ўйлаш ҳам хато бўлади. Сабаби, республика онкология марказида юқори технологик муолажалар амалга оширилади.
Миржалол ЖЎРАЕВ,
Тошкент шаҳар онкология маркази директори, профессор:
– Бугунги кунда Тошкент шаҳар онкология маркази 255 ўринга мўлжалланган бўлиб, 250 бемор даволанмоқда. Лекин бу натижа эмас. Чунки бизда поликлиника қатновимиз 80 ўринли. Янги мажмуа 500 қатновга мўлжалланган. Ташхис қўйиш имконияти ҳам шунга яраша бўлади. Имкониятимиз камроқ бўлгани боис, беморларни ётқизиб қўямиз, ташхис натижалари чиққунча вақт ўтади, жарроҳлик амалиётидан кейин ҳам яна 2 ҳафта ётиши керак. Янги марказда буларнинг барчаси қисқаради. Даволаш самарадорлиги ошади. Масалан, янги бинода бугун келади, пешингача текширув, кечга яқин операция ўтказилади. Сарсонгарчилик бўлмайди. Текширишлар амбулатор равишда бажарилгандан кейин ётиб даволаниши ҳам қисқаради. Агар ҳозир Тошкент шаҳрида шундай имконият бўлганида, нари борса 100-120 нафар бемор ётган бўлар эди.
Алишер МИРАЛИЕВ,
Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари:
– Асосий фаолиятимиз объектни баҳолаб, унинг савдосини ташкил этишдан иборат. Мазкур 3 та объект қонунчиликда белгиланган тарзда мустақил баҳоланган ва экспертизадан ўтказилган. Айни пайтда улар бошланғич нарх сифатида очиқ электрон аукционга қўйилган. Бу якуний нарх эмас. Савдо шу нархда бошланади ва ошиб боради. Айни пайтда ОАВда чиқаётган нархлар билан боғлиқ маълумотлар, яъни объектларнинг ер майдони 3-4 минг долларлик бошланғич баҳода сотувга қўйилган, деган важлар мутлақо асоссиз. Чунки ушбу баҳолаш ҳисоботлари юзасидан эксперт хулосалари олинган бўлиб, объектларнинг тегишлилиги бўйича 1 сотих ер майдонининг бошланғич баҳоси 300-345 млн. сўм ёки 27-31 минг долларга тенг. Аукционда ҳар қандай инсон, тадбиркор, инвестор иштирок этиб, сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Муҳим шартлар деган қисми ҳам кўзда тутилган. Ҳозирги шифохона бинолари Е-auksion орқали онлайн ауционга қўйилади. Савдо бўйича аукционда ғолиб чиққан тадбиркор янги мажмуага кўчиб ўтиш тугагунига қадар икки ой давомида собиқ поликлиникалар ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишларини олиб бормаслик талаб этилади.
Сотишдан тушган маблағлар эса мақсадли равишда қурилишга сарфланади. Шу сабабли эртароқ сотувга қўйилди. Тадбиркор эса келгуси йилнинг май ойигача тўловни охирига етказиши керак бўлади. Сабаби, объектнинг сотилишидан тушадиган маблағлар янги марказни қуришга йўналтириладиган манбалардан бири сифатида кўрсатилган.
— Қачон қурилиш бошланган, тендер нега эълон қилинмаган?
Наврўзбек ҒАФФОРОВ,
Koç Construction юристи:
– 2022 йил 1 апрелидан бошланган. Ҳозирда давом этмоқда. Ҳукуматнинг тегишли қарорига биноан Mimar Group компанияси билан энг яхши таклифларни танлаш асосида шартнома тузишга қарор қилинди. Буюртмачи сифатида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» белгилаган. Халқаро стандартларга жавоб берадиган объектни қуриш учун Koç Construction ҳамкорлик доирасида Mimar Group билан субпудрат шартномасини имзолади. Қурилиш ишлари апрель ойидан давом этмоқда. Билишим бўйича Вазирлар Маҳкамасининг тегишли комиссияси тузилган ва улар билдирилган таклифлар ичидан энг яхшисини танлаб олган.
ССВ бошқарма бошлиғи қарорнинг очиғи, ёпиғи бўлишини ва бу ҳақда айтишга унинг ваколати йўқлигини такрорлади. ОАВ вакилларининг сўзларига кўра эса бу давлат ёки ҳарбий сир эмас ва улар тўлиқ ахборот олиш ҳамда тарқатиш ҳуқуқига эга. Билмайман, деган жавоб билан одамлар орасидаги ваҳима, шов-шувни тўхтатиб бўлмаслиги таъкидланди.
ССВ ўринбосари снос учунгина ҳозирги қурилиш учун сарфланаётган маблағнинг ярими кетиб қолишини ва марказ бу бир чайла эмаслигини таъкидлади. Иккинчидан, тиббиёт кластерини ташкил этиш учун ҳам кўчирилишга эҳтиёж борлигига урғу берилди.
Дастлаб Президентнинг 2021 йил 21 майдаги қарорида кўзда тутилган янги жойга фақат Республика онкология ва радиология марказини кўчириш режалаштирилган эди. Унда марказ Тошкент тиббиёт академияси поликлиникасининг бўш ҳудудида (Олмазор туманидаги тиббиёт шаҳарчасида жойлашган «Янги ТошМИ») жойлашиши айтилган. Ҳужжатда бошқа онкологик клиникаларни бир комплексга бирлаштириш назарда тутилмаган.
Масъуллар кластер қуриш бўйича Туркиянинг бир неча шаҳарларидаги тажриба ўрганилгани ва ҳаммаси битта жойда бўлиши керак, деган қарорга келингани боис учаласи бирлаштирилаётганини қайд этишди.
Шифокорлардан бирининг таъкидлашича, 1968 йилда ҳозирги онкология маркази ҳам шаҳарнинг бир чети бўлган. Сабаби, халқаро тажрибада шифохоналар шаҳардан ташқарида бўлиши керак. Айни пайтда кимё терапия учун дориларни ҳамшираларнинг ўзлари тайёрлаётган бўлса, дунёда бундан воз кечилган. Тайёр препаратлардан фойдаланилади. Беморга 5 тагача дори кетма-кет қуйилади. Бир сўз билан айтганда, замонавий технологиялар тезкор, самарадорлиги боис койкаларни кўпайтиришга эҳтиёж йўқ.
ССВ вазири ўринбосари «фақат битта нарсани очиқ айтаман, ССВ камчилиги шундаки, бу лойиҳалар бошланмасдан жамоатчиликка тушунтириш бермадик. Шу сабабли турли гап-сўзлар «болалаб кетди», деди.
— Янги комплекс ишга туширилганидан кейин онкологик кўрсаткичлар ўзгарадими?
– Энг ривожланган мамлакатларда ҳам онкологик касалликлар юқори поғоналарда туради. Аҳолининг яшаш кўрсаткичи ошса, бу касаллик кўпаяди. Бизда 100 минг аҳолига 74, Америкада 320, Россияда эса 286 нафарга тўғри келади. Тошкентда 100 минг аҳолига 193 нафар тўғри келади. Бунинг сабаби бизда 40 ёшгача бўлган аҳоли сони кўпчиликни ташкил қилади. Интенсив кўрсаткич шунда 160-170 га чиқиб кетади. 10 йилдан кейин бу кўрсаткич янада ошиши мумкин.
Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,
«Ўзбекистон овози» мухбири.
«Ўзбекистон овози», 30.11.2022, №48