Халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгаши депутати Ихтиёр Суюнов жамоатчилик назорати доирасида Манас маҳалласида жойлашган оилавий поликлиниканинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганди.
Депутат тиббиёт муассасасининг иситиш тизимлари, электр таъминоти, дори воситалари захираси ва ходимлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. У мавжуд муаммолар, жумладан, бинонинг айрим қисмларида таъмирлашга эҳтиёж борлигини қайд этиб, бу масалаларни ҳал этиш юзасидан масъуллар билан фикр алмашди.
Шунингдек, депутат бу каби жамоатчилик назорати тадбирлари аҳолининг ижтимоий муассасаларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва мавсумий муаммоларни олдиндан бартараф этиш учун муҳимлигини таъкидлади.
Мазкур ташаббус маҳаллаларда очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини кучайтиришга, аҳолининг фаровонлигини таъминлашга қаратилган амалий қадам сифатида баҳоланди.